Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Канада ва Мексика АҚШ импортига жавоб божларини жорий этади
АҚШ Канада ва Мексика товарларига 25 фоизли, Хитой импортига эса 10 фоизли божларни жорий этди. Жастин Трюдо ва Клаудия Шейнбаум Трампнинг бу каби қарорига жавоб қайтарилишини маълум қилди. Хитой эса ЖСТга шикоят қилишини билдирди.
АҚШ президенти Доналд Трамп Канада ва Мексикадан импорт қилинадиган товарлар учун 25 фоизли, Хитой импортига эса 10 фоизли божлар жорий этилишини эълон қилди.
Оқ уй сайтига жойлаштирилган ҳужжатда келтирилишича, Канада энергия ташувчиларига нисбатан пастроқ тариф қўлланади — 10 фоиз. Божлар «Мексика, Канада ва Хитойни ноқонуний иммиграция, заҳарли фентанил ҳамда бошқа наркотикларнинг АҚШга келишини тўхтатиш борасидаги ваъдасини бажаришга мажбурлаш» зарурати туфайли жорий этилган.
Мексика президенти Клаудия Шейнбаум бунга жавобан ўзининг иқтисодиёт вазирига «мамлакат манфаатлари ҳимояси учун тариф ва нотариф чораларни ўз ичига олган Б режани амалга оширишни» буюрган. У муаммолар «тарифларни жорий этиш йўли билан эмас, музокара ва мулоқотлар орқали» ҳал этилишини қўшимча қилиб, Трампга жамоат соғлиғини сақлаш ҳамда хавфсизлик соҳасидаги мутахассислар иштирокида ишчи гуруҳ тузиш таклифини берди.
Канада бош вазири Жастин Трюдо ҳам АҚШдан импорт қилинадиган 155 миллиард долларлик маҳсулотларга 25 фоизли жавоб божлари жорий этилишини эълон қилди. Мазкур тарифлар алкогол, озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, пойабзаллар, маиший техника, мебел, ёғоч материаллари ва бошқа товарларга нисбатан қўлланади. Трюдонинг айтишича, Трампнинг ҳаракати «уларни бирлаштириш ўрнига ажратиб юборган». Шунингдек, у Канада қўшинлари Афғонистонда америкаликлар билан бирга жанг қилгани, инқирозлар вақтида ёрдам берганини эслатиб ўтган. Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп Канада товарларига бож жорий этса, мамлакат бунга «кескин» жавоб қайтаришини таъкидлаганди.
Хитой Савдо вазирлиги божларнинг жорий этилиши Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларини «жиддий бузишини» маълум қилиб, ЖСТга шикоят қилишларини ва «тегишли қарши чоралар» кўрилишини ваъда қилди. Айнан қандай чоралар кўрилишига аниқлик киритилмаган.