Ўзбекистон | 19:32 / 10.02.2025
10103
3 дақиқада ўқилади

Тошкент бозорларида патта нархи ошади. Савдогарлар нима дейди?

Пойтахтдаги бозорлар ва савдо комплексларида сотувчилардан ундириладиган йиғимлар ва ижара тўловлари 20-30 фоизга ошиши кутилмоқда. Бу борада шаҳар ҳокимининг тегишли қарори лойиҳаси эълон қилинган. Kun.uz мухбири патта нархларининг ошишига савдогарларнинг муносабатини сўраб, “Юнусобод”, “Эски Жўва” ва “Фарҳод” деҳқон бозорларида бўлди.

Сотувчиларнинг аксарияти қарор лойиҳаси ҳақида эшитмагани, амалдаги нархларни сақлаб қолиш кераклигини айтишди.

Айрим сотувчилар эса, кутилаётган нарх ошиши ҳақида паттачилар бир неча кун олдин огоҳлантиришганини маълум қилишди.

Хабарим бор. Агар меъёрида ошса, маъқул, лекин 20-30 фоиз ошиш қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун кўп деб ўйлайман, чунки уларга жуда оз миқдорда қўямиз. 30-40 фоиз ошадиган бўлса, бизгаям, харидорларгаям оғирлик қилади”, – дейди сотувчилардан бири.

Кўплаб савдогарлар йиғимлар миқдорининг ошиши маҳсулотлар нархи қимматлашишига сабаб бўлиши мумкинлигини истисно этмади. Кам сонли сотувчилар эса аксинча фикрни билдирди, уларга кўра, патта ҳақининг эълон қилинган даражада қимматлашиши бозордаги нарх-навони ўзгартира олмайди.

Ўзини таништиришни истамаган “Эски Жўва” бозори ходими ҳамма нарсанинг нархи ошаётгани учун, патта нархи ҳам ошишини табиий деб ҳисоблашини билдирди.

Охирги йилларда ҳамма нарсанинг нархи ошиб боряпти. Мисол учун, электр энергияси, газ нархи кўтариляпти. Ҳаммаси ўша нарсаларга боғлиқ бўлади. Шаҳар ҳокимияти ҳар йили март ойида патта нархларининг ўзгаришини чиқаради. Ўтган йили 26 мартда чиққан, ҳозир ўша бўйича сотувчилар патта нархини тўлаб келяпти. Нарх ошиши давр талаби бўлиб қолди”, – дейди бозор ходими.

Маълумот учун, патта нархлари деҳқон бозорларидаги савдо ўринлари учун қуйидагича ўзгариши мумкин (1 ўрин / 1 кун):

  • ҳўл мевалар (анор, олма, нок ва бошқа) – 18 000 сўм (ҳозир 15 000 сўм);
  • цитрус ва тропик мевалар – 39 000 сўм (ҳозир 32 000 сўм);
  • қуруқ мевалар (туршак, майиз, писта, бодом) – 40 000 сўм (ҳозир 33 000 сўм);
  • сут маҳсулотлари – 15 000 сўм (ҳозир 18 000 сўм);
  • полиз маҳсулотлари (қовун, тарвуз) – 34 000 сўм (ҳозир 28 000 сўм);
  • гўшт маҳсулотлари – 42 000 (ҳозир 35 000 сўм).

Қарор лойиҳасида, шунингдек, Сергели автомобил бозори, “Ўрикзор” савдо комлексидаги йиғимлар ҳамда бозорлар фаолиятига оид бошқа турли тўловлар нархлари кўрсатилган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид