Жаҳон | 18:36 / 11.02.2025
3546
2 дақиқада ўқилади

КХДР Россияга узоқ масофага мўлжалланган артиллерия снарядларини юборди

Фото: KNS/AFP/Getty

КХДР Россияга қарийб 200 та узоқ масофага мўлжалланган артиллерия снарядларини юборди ва Украинага қарши урушни қўллаб-қувватлаш мақсадида яна кўпроқ қўшин ҳамда қурол жўнатиши мумкин. Бу ҳақда Жанубий Корея Мудофаа вазирлигига таяниб Yonhap News хабар берди.

Қайд этилишича, Шимолий Корея Россияга 11 мингга яқин ҳарбий хизматчисини, ракеталар, узоқ масофага мўлжалланган 200 та артиллерия снаряди ва катта миқдорда ўқ-дорилар юборган.

Таъкидланишича, жорий йилда КХДР қурол ишлаб чиқариш ҳажмини икки баробарга оширади. «2025 йил атом сувости кемалари, айғоқчи сунъий йўлдошлар ва қаттиқ ёқилғида учадиган қитъалараро баллистик ракеталар каби замонавий қуроллар яратишга мўлжалланган беш йиллик режанинг сўнгги муддати», — дейилади хабарда.

АҚШ, Жанубий Корея ва Украина маълумотларига кўра, КХДР расмийлари Россия-Украина урушида қатнашиш учун 11 мингга яқин аскарини юборган. Улар Россиянинг Курск вилоятидаги ҳарбий амалиётларда қатнашган. The New York Times газетаси январ ойида КХДР қўшинлари оғир йўқотишларга учраганидан сўнг фронтнинг олдинги чизиғидан ортга қайтарилгани ҳақида хабар берганди.

Аввалроқ КХДР етакчиси Ким Чен Ин мамлакат Мудофаа вазирлигига ташрифи чоғида Шимолий Корея «ҳудудий яхлитликни ҳимоя қилиш» масаласида Россияни қўллаб-қувватлаш ниятида эканини маълум қилган эди.

Шунингдек, Шимолий Корея Украинадаги уруш туфайли ўз ракеталари аниқлигини оширган. «Ракеталарнинг аниқлиги ортиб бораётгани КХДР Россиянинг Украинага қарши урушидан ракета технологиясини синовдан ўтказиш учун муваффақиятли фойдаланаётганидан далолат беради”, дея хабар беради Reuters манбалари.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид