Жаҳон | 18:53 / 21.02.2025
3465
3 дақиқада ўқилади

Хонанда АҚШ-Канада ўйинида Канада мадҳияси сўзларини ўзгартириб куйлади

Хоккей ўйинида қўшиқчи Шантал Кревиазук Канада миллий мадҳияси сўзларини ўзгартириб куйлади. Кейинчалик буни Тармпнинг Канадани қўшиб олишни назарда тутувчи таҳдидли баёнотларига нисбатан норозилик деб атади.

Фото: AP

Қўшиқчи Шантал Кревиазук 20 февраль куни ўтказилган АҚШ – Канада хоккей ўйинида Канада мадҳияси сўзларини ўзгартириб куйлади. Ўйин «Тўрт миллат Кубоги» финали доирасида бўлиб ўтди ва унда канадаликлар 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди. CNN нашрининг ёзишича, Кревиазукнинг қилмиши икки давлат ўртасидаги кескин сиёсий вазиятни янада кучайтирди.

Кревиазук Канада мадҳиясидаги «Ҳақиқий ватанпарварлик туйғуси ҳар биримизга буюради» сўзларини ўзгартириб, «Ҳақиқий ватанпарварлик туйғусини фақат биз буюрамиз», деб куйлади. Кейинчалик, хонанда буни президент Доналд Трампнинг Канада ҳақидаги баёнотларига норозилик сифатида қилганини ижтимоий тармоқларда тан олди. Аввалроқ, Трамп Канада Қўшма Штатларнинг 51-штати бўлиши кераклигини айтган эди.

Кревиазук икки давлат ўртасидаги келишмовчиликка ишора қилиб, шундай ёзди: «Агар биз аннексия қилинсак, яхшироқ бўлардик, деб ўйласангиз, узр сўрайман. Гап шундаки, мен учун санъат бизнинг ҳақиқатимиз ифодасидир. Ва бу жуда ғалати ва муҳим дақиқада ўрнимиздан туришимиз, овозимизни баланд қилиб, ўзимизни ҳимоя этишга ҳаракат қилишимиз кераклигига ишонаман… Йўқ, биз ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ҳолатларида ўз ғазабимизни билдиришимиз керак. Мен низоларни тинч йўл билан ҳал қилишга қисман содиқ бўлган жасур овозлардан илҳомланган мусиқа билан ўсганман. Канада ҳам Украина каби суверен давлат. Нуқта. Бизнинг бошқалардан фарқ қиладиган ўз маданиятимиз бор. Биз қадриятларимизда бирлашганмиз. Биз ғамхўрлик қиламиз. Биз меҳрибонмиз. Биз кучлимиз».

Президентлик даври бошланганидан бери Трамп Канадани Қўшма Штатларнинг 51-штати бўлишини кўриш истагини бир неча бор таъкидлаган, ушбу мамлакат бош вазири Жастин Трюдога сўз ҳужумини уюштирган ва Канада иқтисодиётига ҳалокатли таъсир кўрсатадиган катта тарифларни жорий этиш билан таҳдид қилган.

Канада терма жамоаси сўнгги воқеалар замирида ўта принципиал аҳамият касб этган ўйинда 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўйиндан сўнг Кревиазук ижтимоий тармоқда муштини кўтарган суратини жойлаштирди ва унга «Ва адолат ғалаба қозонади» деган ёзув қўйди.

Трюдо ўйиндан кейин АҚШ ва Канада ўртасидаги сўнгги можароларни назарда тутиб, ижтимоий тармоқда шундай деб ёзди: «Сиз бизнинг мамлакатимизни эгаллаб олмайсиз ва бизнинг ўйинимизни ҳам эгаллаб олмайсиз».

Муз устида шайбали хоккейнинг ватани Канада ҳисобланади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид