Жаҳон | 18:04 / 26.02.2025
2280
2 дақиқада ўқилади

Руминияда президентликка собиқ номзод Жоржеску ҳибсга олинди

У ўзининг сайлов кампаниясини ноқонуний молиялаштириш иши бўйича сўроқ қилиниш учун Бош прокуратурага олиб борилади.

Фото: AP

Ноябр ойида Руминия президентлиги сайловларида иштирок этган ўта ўнг россияпараст сиёсатчи Кэлин Жоржеску полиция томонидан қўлга олинди. У ўзининг сайлов кампаниясини ноқонуний молиялаштириш иши бўйича сўроқ қилиниш учун Бош прокуратурага олиб борилади.

Қайд этилишича, идора биносида хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Жоржеску номзодини қўллаб-қувватлаган ўнг қанот «Руминларни бирлаштириш алянси»дан сайланган депутатлар ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларидан тушунтириш талаб қилишларини билдирди.

26 феврал куни Руминия Бош прокуратураси ва полицияси конституциявий тузумни бузиш ҳамда сайлов кампаниясини молиялаштириш манбалари тўғрисида ёлғон маълумот беришга оид жиноят иши доирасида 40 га яқин тинтув ўтказганди. Гумонланувчилар орасида ҳарбий инструктор Хорациу Порта ҳам бор — у Жоржеску атрофидаги шахслардан ҳисобланади.

Россияпараст сиёсатчи Келин Жоржеску ноябр ойидаги президентлик сайловларининг биринчи турида 23 фоиз овоз билан ғалаба қозонган эди, аммо кейинроқ Конституциявий суд овоз бериш натижаларини бекор қилди. Бунга ҳукумат томонидан румин разведкаси (SRI) маълумотлари очиқлангани сабаб бўлди. Ушбу маълумотларда Жоржескунинг TikTokʼдаги тарғиботи учун Богдан Пешир исмли руминиялик 381 минг доллар тўлагани келтирилган.

Президентликка номзоднинг ўзи бир цент ҳам сарфламаганини билдирган. SRI, шунингдек, Жоржеску номзодининг илгари сурилиши ортида Россия махсус хизматлари турган бўлиши мумкинлигини истисно этмаган. 6 декабр куни Руминия Конституциявий суди сайловларнинг биринчи тури натижаларини бекор қилди. Янги овоз бериш жараёнлари 4 май санасига белгиланган.

Мавзуга оид