Ўзбекистон | 20:01 / 03.03.2025
8928
5 дақиқада ўқилади

3 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Самарқандда ҳожатхонадан қутқарилган чақалоқ, янги ички ишлар вазири, иқтисодиётда хусусий сектор роли ва бир ўқитувчига тўғри келувчи ўқувчилар сони — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Самарқандда чақалоқ ҳожатхонага тушиб кетди

Самарқандда мутлақо кутилмаган шароитда дунёга келган чақалоқ қутқариб қолинди.

Ҳомиладор аёллардан бири тез ёрдам пунктининг ҳовлисида жойлашган ҳожатхонага кирган чоғда кўзи ёрийди ва ҳолсизланган ҳолда чақалоғини эҳтиётсизлик билан ҳожатхона тешигига тушириб юборади.

Чақалоқни қутқариш учун қутқарув хизмати чақирилади ва улар етиб келгунга қадар ички ишлар ходимлари зудлик билан деворни тешишга киришади, чақалоқни канализация ҳандақи ичидан чиқариб олишади

Қутқарилган чақалоқнинг аҳволи яхши экани маълум қилинмоқда.

Фуқаро итлар ҳужумига дучор бўлгани рад этилди

Аввалроқ Тошкент шаҳрининг Қорақамиш даҳасида 1966 йилда туғилган фуқаро кўчадаги дайди итлар ҳужуми туфайли вафот этгани тўғрисида хабарлар тарқатилган эди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги бу хабарларни рад этиб чиқди. Расмий маълумотга кўра, кўчада вафот этган шахс ўткир юрак-қон томир етишмовчилиги туфайли ҳаётдан кўз юмган.

Ҳокимлик ҳеч қандай итлар ҳужуми содир бўлмаганини билдириб, аҳолини расмий манбаларга ишонишга ва нотўғри маълумотларни тарқатмасликка чақирди.

Қувасой шаҳри ҳокими жиноий таъқибда

Қувасой шаҳрида шаҳар ҳокимининг қарори билан кўпйиллик 270 туп дарахтлар ноқонуний кўчирилиши оқибатида табиатга 1,8 млрд сўм зарар етказилгани маълум бўлди. Экология вазирлиги ҳолат юзасидан Бош прокуратурага мурожаат қилди.

Ўрганишларга кўра, шаҳар ҳокимлиги аукционга қўйилган ерда дарахтлар мавжудлигини инобатга олмасдан, қурилиш ишлари учун қарор қабул қилган. Экологик бўлим қаршилигига қарамай, мансабдор шахсларнинг кўрсатмаси билан ободонлаштириш ходимлари 11–14 феврал кунлари 270 туп дарахтни бошқа жойларга кўчирган. Бунинг натижасида 9 туп дарахт кўчириш жараёнида нобуд бўлган.

Дарахтлар хавфли ҳудудларга кўчириб ўтқазилгани сабабли уларнинг қуриб кетиш эҳтимоли юқори. Прокуратура ҳолатга ҳуқуқий баҳо беришни бошлади.

Азиз Тошпўлатов — янги ички ишлар вазири

Ўзбекистонда ички ишлар вазири ўзгарди. Пўлат Бобожонов ўрнига Азиз Тошпўлатов тайинланди. У бу лавозимгача Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият юритган.

Президент фармонига асосан, генерал-майор Азиз Тошпўлатов номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланди. У 1978 йилда туғилган, аввал Наманган ва Самарқанд вилоятларида ИИБ бошлиғи, ИИВнинг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган. 2020 йилдан Тошкент шаҳри ИИББни бошқариб келган.

У ИИВ раҳбари сифатида Пўлат Бобожонов ўрнини эгаллади. Бобожонов 2017 йилдан буён ички ишлар вазири бўлиб ишлаган, 2019 йилда генерал-лейтенант унвонини олган. Ҳозирча унинг истеъфоси сабаблари расман маълум қилинмади.

Бир ўқитувчига неча ўқувчи?

Ўзбекистонда ўрта таълим муассасаларида бир ўқитувчига ўртача 12 нафар ўқувчи тўғри келаётгани маълум қилинди. Энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида — 17 ўқувчи, энг кам Навоий вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида — 9 ўқувчи.

Ҳудудлар кесимида бу рақам Андижон ва Тошкент вилоятларида 14, Наманган ва Самарқанд вилоятларида 13, Фарғона ва Сирдарё вилоятларида 12, бошқа вилоятларда эса 11 нафарни ташкил этмоқда.

Бу кўрсаткичлар ўқувчи-ўқитувчи нисбатидаги фарқни акс эттириб, таълим сифатини таъминлашда муҳим омил ҳисобланади.

Иқтисодиётда хусусий сектор роли кенгаймоқда

Президент фармонига мувофиқ, иқтисодиётда рақобатни кучайтириш ва хусусий сектор имкониятларини кенгайтириш чоралари белгиланди.

Эндиликда давлат ва якка тартибдаги субъектларга берилган мутлақ имтиёзлар агар улар қонунчилик ёки махсус рухсатнома асосида берилган бўлса, эксклюзив ҳуқуқ сифатида тан олинади.

Бироқ тендер ёки танлов асосида берилган лицензиялар бундай ҳисобланмайди. 2025 йил 1 апрелдан эксклюзив ҳуқуқлар фақат 3 йилгача муддатга ва аҳолининг хавфсизлиги, табиий офатлар ёки мудофаа соҳасидагина тақдим этилиши мумкин.

Бу тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва монополияни чеклашга қаратилган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид