Жаҳон | 16:11 / 11.03.2025
2074
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи комиссари Йозеф Сикела Ўзбекистонга келади

Комиссар Сикела ижтимоий тармоқдаги саҳифасида бўлажак миссияни ўз фаолиятидаги «энг қийин вазифалардан бири» деб таърифлади.

Фото: Getty images

Халқаро ҳамкорлик бўйича Европа комиссари Йозеф Сикела 2025 йил 12-18 март кунлари Марказий Осиёнинг барча беш давлатида етти кунлик дипломатик миссиясини амалга оширади.

Комиссар Сикела ижтимоий тармоқдаги саҳифасида бўлажак миссияни ўз фаолиятидаги «энг қийин вазифалардан бири» деб таърифлади, унга «7 кун, бешта давлатга ташриф буюриш, ҳукумат раҳбарлари билан ўнлаб учрашувлар ва Европа Иттифоқининг минтақадаги асосий лойиҳаларига ташриф» киради.

Саёҳат Европа Иттифоқининг «Global Gateway» стратегияси доирасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, тўртта асосий йўналишдан иборат: транспорт инфратузилмаси, тоза энергия, муҳим хом ашё ва рақамли уланиш.

Сикела ташрифининг асосий йўналиши Транскаспий транспорт коридорини ривожлантириш бўлади.

«Европа ва Осиё ўртасидаги савдо айланмаси жадал суръатлар билан ўсиб бормоқда. Аммо уни барқарор ва самарали қилиш учун биз Транскаспий транспорт коридорини ишлаб чиқмоқдамиз – Европа ва Осиёни 15 кун ёки ундан камроқ вақт ичида боғлайдиган тез ва хавфсиз йўналиш ҳамда Россия ва Қизил денгиз орқали ўтадиган йўналишларга муқобил», деб ёзди у.

Комиссар минтақанинг Европанинг саноат келажаги учун стратегик аҳамиятини таъкидлаб, «Европа стратегик хомашёнинг 40 фоизигача, жумладан, литий, мис ва нодир ер элементлари ҳам шу минтақадан олиниши мумкинлигини» таъкидлади.

Ўз сафари давомида Сикела Олмалиқ тоғ-кон комбинатига бориши, Европа ва Марказий Осиёдаги ҳамкорлар учун барқарор ва масъулиятли ресурслар бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга устувор аҳамият беришни режалаштирмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид