Трамп космик тадқиқотлар бюджетини икки баробарга қисқартиришга қарор қилди
Бу Марсдан тупроқ намуналарини олиб келиш ва янги космик телескопини яратиш каби йирик ташаббуслар тўхтатилишига олиб келиши мумкин.

Фото: SpaceX
АҚШ президенти Доналд Трамп 2026 йилда Аэронавтика ва космик тадқиқотлар миллий бошқармаси (NASA) илмий дастурларини молиялаштиришни икки бараварга камайтиришни таклиф қилди, деб ёзмоқда Bloomberg. NASA’нинг бюджет лойиҳаларидан хабардор манбаларга кўра, бу қарор Марсдан тупроқ намуналарини олиб келиш ва янги Nancy Grace Roman космик телескопини яратиш каби йирик ташаббуслар қўллаб-қувватланиши тўхтатилишига олиб келади.
Манбаларнинг айтишича, умумий молиялаштириш 20 фоизга — 25 миллиард доллардан 20 миллиард долларгача камаяди. Энг катта қисқариш эса астрофизика, планетология, гелиофизика ва Ер тадқиқотларига жавобгар NASA’нинг илмий директоратида юз беради. Бу йўналишдаги харажатлар 7,5 миллиард доллардан 3,9 миллиард долларгача қисқартирилиши режалаштирилган.
Хусусан, астрофизика бўлими ўз бюджетининг учдан икки қисмини йўқотиши мумкин: 1,5 миллиард доллар ўрнига атиги 487 миллион доллар олади. Гелиофизикага ажратиладиган маблағ ҳам 67 фоизга қисқаради — 455 миллион долларгача. Ер тадқиқотларига ажратиладиган маблағ 50 фоизга — 1,03 миллиард долларгача, планетология йўналиши эса тахминан 30 фоизга камайиб, 1,93 миллиард долларни ташкил қилади.
Бюджет лойиҳасида фазода аллақачон жойлаштирилган ва ишлаётган Hubble ҳамда James Webb телескопларини молиялаштиришни давом эттириш таклиф қилинмоқда. Бироқ юлдузлар, галактикалар ва узоқ сайёраларни ўрганиш учун мўлжалланган, ҳозирда NASA’нинг Goddard космик парвоз марказида синовдан ўтказилаётган янги Nancy Grace Roman телескопи учун маблағ ажратиш режалаштирилмаяпти. Уни 2026 йил кузида учириш керак эди. Телескопнинг бутун хизмат муддати давомида сарфланиши керак бўлган маблағ 4,3 миллиард долларни ташкил этади.
Бюджет лойиҳасидаги рақамлар ва маблағлар тақсимоти ҳали ўзгариши мумкин. Ҳужжат 10 апрел куни тақдим этилган — бу Трамп томонидан NASA раҳбарлигига кўрсатилган номзод — миллиардер ва SpaceX миссиялари инвестори Жаред Айзекман бошқарма бир вақтнинг ўзида одамларни Ой ҳамда Марсга учириш дастурларини амалга ошириш имкониятига эга бўлиши кераклиги ҳақида гапирганидан кейин содир бўлди. Шунингдек, у Трампнинг мақсади — янги фан ва кашфиётлар олтин даврини бошлаш эканини маълум қилган.
Трампнинг NASA бюджетини қисқартириш режаларини изоҳлар экан, SpaceX асосчиси ва Ҳукумат самарадорлиги департаменти раҳбари Илон Маск бу янгиликни «хавотирли» деб атади. «Мен илм-фанни қўллаб-қувватлайман, лекин афсуски, SpaceX NASA’нинг асосий пудратчиси бўлгани сабабли, агентлик бюджети бўйича муҳокамаларда иштирок эта олмайман», — деб ёзди у.
NASA молиялаштиришдаги режалаштирилган ўзгаришлар юзасидан ўз мулоҳазаларини Оқ уйнинг Маъмурий ва бюджет бошқармасига тақдим этади. 2026 йилги якуний бюджетни эса Конгресс тасдиқлайди.
Тавсия этамиз
Ўзбекистон Mobiuz компаниясини халқаро сотувга қўйди
Ўзбекистон | 23:10 / 09.06.2025
Тошкентда илк BRT тизими: у қандай кўринишда бўлади?
Ўзбекистон | 20:17 / 07.06.2025
Бир нечта ташкилотлар Enter Engineering компаниясини судга берди
Ўзбекистон | 17:39 / 07.06.2025
Хатолар улғайтирган жамоа. Ўзбекистоннинг мундиал сари узоқ йўли ҳақида
Спорт | 15:27 / 07.06.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Аргентина собиқ президенти Кристина Киршнер 6 йиллик қамоққа ҳукм қилинди
Жаҳон | 18:36
-
Пентагон раҳбари Украинага ёрдам бюджети қисқартирилишини эълон қилди
Жаҳон | 18:01
-
Қизалоққа қарши армия: Грета Тунберг Ғазога етиб боролмади
Жаҳон | 17:45
-
Етакчиларнинг футболга ташрифи Ўзбекистон халқига катта ҳурмат - Шерзод Асадов
Ўзбекистон | 17:35
Мавзуга оид

17:26
Маск Трамп ҳақидаги айрим постлари учун узр сўради

23:13 / 10.06.2025
Трампнинг туғилган кунида Вашингтонда ҳарбий парад бўлиб ўтади

22:34 / 10.06.2025
Лос-Анжелесдаги тартибсизликлар: халқни қўзғатган миш-мишлар, Трампнинг ўжарлиги ва ҳозир нима бўлаётгани ҳақида

13:58 / 10.06.2025