Жаҳон | 22:27 / 01.06.2025
4464
3 дақиқада ўқилади

Бангладеш суди собиқ бош вазир Шайх Ҳасинани ҳибсга олиш ордерини берди

У 2024 йил июл—август ойларида мамлакатда юз берган оммавий намойишлар вақтида инсониятга қарши жиноятлар содир этганликда айбланмоқда.

Фото: Getty images

Халқаро жиноятлар бўйича трибунал Бангладешнинг собиқ бош вазири Шайх Ҳасина ва собиқ ички ишлар вазири Асадуззамон Хон Камолни ҳибсга олиш ордерини берди.

Улар 2024 йил июль–август ойларидаги оммавий норозилик намойишлари вақтида юз берган инсониятга қарши жиноятларда айбланмоқда. Ушбу норозиликлар натижасида юзлаб талаба ва тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган. Суд Шайх Ҳасина, Хон Камол ва полиция собиқ бош инспектори Абдуллоҳ Ал-Мамун устидан илгари сурилган айбловларни қабул қилган. Иш бўйича навбатдаги тинглов 16 июнга белгиланган.

Айблов томони Шайх Ҳасинани оммавий қирғинларни ташкил қилганликда ва хавфсизлик кучлари ҳамда ўша вақтда ҳокимиятда бўлган «Халқ лигаси» партияси фаолларига норозиликларни бостириш бўйича бевосита кўрсатмалар берганликда айбламоқда. Прокуратура айбланувчиларга қарши кўрсатма беришга тайёр 81 кишилик гувоҳлар рўйхатини тақдим этган. Суд жараёнининг бир неча ой давом этиши кутилмоқда.

Собиқ бош вазирга қарши суд эшитуви Бангладеш давлат телеканалида жонли эфирда намойиш этилди. У жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди, сабаби суд айнан Шайх Ҳасинанинг ўзи томонидан 2009 йилда 1971 йилги уруш жиноятларини тергов қилиш мақсадида ташкил этилган эди. Энди эса у айнан шу муҳакамада суд қилинмоқда.

2024 йил 5 август куни ҳукуматга қарши намойишлар фонида Шайх Ҳасина истеъфога чиқиб, Ҳиндистонга учиб кетганди.

Аввалига фақат талабалар иштирок этган намойишлар бутун мамлакат бўйлаб ёйилиб кетган эди. Талабалар давлат секторидаги иш ўринларининг учдан бир қисми 1971 йилдан Покистондан мустақилликка эришиш учун бўлган уруш фахрийларининг қариндошлари учун захира қилинишини кўзда тутувчи квоталар тизимини ўзгартиришни талаб қилиб кўчаларга чиққан эди. Бангладеш Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, норозилик намойишларида 1000 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган.

77 ёшли Ҳасина қочиб кетганидан бери оммага кўриниш бермади. Уни охирги маротаба Ҳиндистон пойтахти яқинидаги авиабазада кўришган — собиқ бош вазир у ерда вертолётда етиб борган. Ҳасина аввалига тез орада Ҳиндистонни тарк этиши кутилганди, аммо у мамлакатдан бошпана олишга муваффақ бўлган.

Ҳасина қочиб кетгач иқтисодчи Муҳаммад Юнус Париждан қайтиб келиб, Бангладеш муваққат ҳукумати раҳбари сифатида қасамёд қилди. 2006 йилда у камбағалларга микрокредит бериш соҳасидаги изланишлари учун Нобел мукофотига сазовор бўлди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид