Ўзбекистон | 09:10 / 02.06.2025
1936
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 2030 йилгача яшиллик даражаси 30 фоизга етказилади

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йили 200 млн туп  дарахт ва бута кўчатлари экиш, 2030 йилга қадар республикада яшиллик даражасини 30 фоизга, ўрмон билан қопланганлик даражасини 8 фоиздан 15 фоизга (6,1 млн гектар) етказиш мақсад қилинган.

Фото: Shutterstock

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ўтган 4 йил давомида республика бўйича жами  872 млн туп дарахт ва бута кўчатлари экилди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йил баҳор мавсумида 125 млн туп кўчат экиш режалаштирилган бўлиб, амалда ҳудудлар тупроқ-иқлим шароитига мос 136,9 млн туп, шундан, ўрмон фонди ерларида 8,3 млн туп дарахт ва бута кўчатлари экилди.

Кўчат экиш тадбирлари учун 90 та янги сув чиқариш қудуқлари ва 478,45 км масофада суғориш тизимлари ишга туширилди. Суғориш имконсиз бўлган ҳудудларга 460 та техника бириктирилди. 2025 йилда ўрмон хўжаликлари томонидан лойиҳа доирасида 30 млн туп кўчат тайёрлаб берилиши белгиланган бўлиб, баҳор мавсумида дастлабки 14 млн туп дарахт ва бута кўчатлари етказиб берилди. Қолган қисми кузги мавсумда етказиб берилиши режалаштирилган.

Мактаб ва мактабгача таълим муассасаларига 406 минг 372 туп, соғлиқни сақлаш муассасаларига 492 минг 623 туп ва республикадаги 1024 та маҳаллага 808 минг 200 туп кўчат етказиб берилди. Орол денгизининг қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларида 126,2 минг гектар, жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида 71,9 минг гектар, Бухоро вилоятида 23,3 минг гектар, Навоий вилоятида 16 минг гектар ва Хоразм вилоятида 15 минг гектар майдонда “яшил қопламалар” барпо этилди. Чўл, тоғ ва тоғолди ҳудудларда тупроқ эрозиясига қарши 256 гектар ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилди.
 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид