Жаҳон | 08:52 / 06.06.2025
3632
2 дақиқада ўқилади

Мерц Трампнинг Германияга ташрифи ҳақида маълум қилди

Доналд Трамп Фридрих Мерцнинг Германияга ташриф буюриш таклифини қабул қилди. Бу ҳақда Германия канцлери Оқ уйда бўлиб ўтган музокаралардан сўнг маълум қилди. «Жуда яхши шахсий алоқалар учун пойдевор қўйилди», деди Мерц.

Фото: Deutsche Welle

АҚШ президенти Доналд Трамп Германияга ташриф буюришга рози бўлди ва ҳозирда бу сафар санаси муҳокама қилинмоқда, деди Германия канцлери Фридрих Мерц 5 июн, пайшанба куни Оқ уйда Трамп билан музокаралари якунлари бўйича немис ОАВга.

«У Германияга, ватанига жуда қизиқди. Бу унга жуда таъсир қилди ва мен уни Германияга ташриф буюришга таклиф қилдим. У таклифни қабул қилди. Энди жамоаларимиз учрашув муддатини келишиб олади», — деди Мерц ARD нашрига. «Мен уни Германияга таклиф қилдим ва у дарҳол таклифни қабул қилди. У Германияга келади. Энди биз учрашув санасини излаяпмиз», — дея тасдиқлади Германия канцлери ntv телеканалига берган интервюсида.

Фридрих Мерцнинг айтишича, Трамп Германиядан совға – 1869 йилда Германиянинг Калштадт қишлоғида бобоси Фридрих Трампнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхасидан «эмоционал таъсирланган». Республикачи қўшма тушлик пайтида бу мавзуга қайтган, деди канцлер. Мерц 15-17 июн кунлари Канадада бўлиб ўтадиган G7 саммитида ва 24-26 июн кунлари Нидерландияда бўлиб ўтадиган НАТО саммитида АҚШ президенти билан яна учрашишни режалаштирганини қўшимча қилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид