Жаҳон | 13:22 / 11.06.2025
3209
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон собиқ мудофаа вазири қўлга олингани ҳақидаги хабарни рад этди

Руслан Яхшилиқов Қозоғистон Мудофаа вазирлиги раҳбари лавозимидан истеъфога чиққанидан кейин қўлга олингани ҳақидаги маълумотни рад этди ва «Остонадаги уйида» оиласи билан эканини айтди.

Фото: Tengrinews.kz / Турар Казангапов

Қозоғистоннинг собиқ мудофаа вазири Руслан Яхшилиқов қўлга олингани ҳақидаги маълумотни рад этди. Яхшилиқов 9 июн, душанба куни сайтида у билан суҳбатдан парчаларни чоп этган Tengrinews.kz нашрига изоҳ берди.

«Бемаъни гап. Аввало, расмий манбаларга ишониш керак. Мен таътилдаман. Менга дам олиш имкониятини беришди. Уч ярим йилдан бери таътилга чиқмадим. Биласизми, хизмат шуни талаб қилади», — деди Яхшилиқов.

Tengrinews.kz ўзининг Telegram-каналида Руслан Яхшилиқов оиласи билан «Остонадаги уйида» эканлигига аниқлик киритди. Портал, шунингдек, мудофаа идораси собиқ бошлиғи кадрда пайдо бўлгани ва ўз уйи ҳовлисига чиқаётгани айтилган видеони ҳам жойлаштирди.

Аввалроқ Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Руслан Яхшилиқовни республика мудофаа вазири лавозимидан озод қилди. Президент фармони билан бу лавозимга Даурен Косанов тайинланди.

59 ёшли Яхшилиқов 2022 йилнинг январидан буён Мудофаа вазирлиги раҳбари лавозимида ишлаб келаётганди. 55 ёшли Косанов бу тайинловгача Қозоғистон мудофаа вазири ўринбосари ва Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари бош қўмондони бўлган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид