Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЖССТ Covid-19 қандай пайдо бўлгани ҳақида якдил хулосага келмади
Тадқиқотчилар фикрига кўра, кўпчилик илмий маълумотлар янги коронавирус одамларга ҳайвонлардан ўтган деган гипотезани қўллаб-қувватлайди.
Олимлар ўтган даврда глобал соғлиқни сақлаш тизими учун энг йирик инқирозга айланган Covid-19 пандемияси қандай бошланганини ҳалигача билмайди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан коронавируснинг келиб чиқишини ўрганиш бўйича топшириқ берилган бир гуруҳ экспертлар қарорида айтилади.
Ушбу гуруҳга раҳбарлик қилувчи Мариетжи Вентер якуний ҳисобот эълон қилинганидан кейин бўлиб ўтган матбуот брифингида шундай деди: кўпчилик илмий маълумотлар янги коронавирус одамларга ҳайвонлардан ўтган деган гипотезани қўллаб-қувватлайди.
Худди шу хулосани ЖССТ 2021 йилда, биринчи тадқиқот давомида ҳам қилган эди. Шу пайтда олимлар инфекция одамларга кўршапалаклардан бошқа воситачи ҳайвон орқали юққанини айтди. Улар, шунингдек, вируснинг лабораториядан сизиб чиқиши ҳақидаги назарияни «эҳтимоли жуда кам» деб атади.
Вентер сўзларига кўра, уч йиллик уринишларга қарамай, Хитой ҳукумати генетик кетма-кетликлар ва биохавфсизлик чоралари бўйича маълумот тақдим қилмаган. ЖССТ эксперт гуруҳи Covid-19 лаборатория ҳодисаси натижасими ёки йўқлигини аниқ баҳолаш учун зарур маълумотларни ололмаган.
«Шунинг учун бу гипотезани текшириш ёки рад этиш имкони бўлмади», деди профессор ва қўшимча қилди: «У спекулятив деб ҳисобланган, сиёсий қарашларга асосланган ва илмий далиллар билан тасдиқланмаган».
Вентернинг айтишича, 27 нафар олим бу фикрга қўшилмаган, бир нафари тадқиқот гуруҳини шу ҳафта бошида тарк этган ва яна уч нафари ўз номини ҳисоботдан олиб ташлашни сўраган.
У Covid-19 лабораторияда манипуляция қилингани ва вирус 2019 йил декабридан олдин Хитойдан ташқарида тарқалгани ҳақида далиллар йўқлигига ишора қилди.
«Янги илмий далиллар пайдо бўлгунга қадар, SARS-CoV-2 инсон популяциясига қандай кириб келгани ҳақидаги савол очиқ қолади», деб хулоса қилди Вентер.
ЖССТ Бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус камида 20 миллион одамнинг ўлимига сабаб бўлган, жаҳон иқтисодиётига 10 триллион доллар зарар етказган ва миллиардлаб одамларнинг ҳаётини ёмонлаштирган коронавируснинг келиб чиқишини аниқлашни «ахлоқий мажбурият» деб атади.
Аввалроқ, AP агентлиги Хитой ҳукумати вируснинг келиб чиқишини аниқлаш бўйича маҳаллий ва халқаро саъй-ҳаракатларни 2020 йилги эпидемиянинг дастлабки ҳафталарида тўхтатгани ва ЖССТ дастлабки суриштирув имкониятларини бой бергани ҳақида ёзган эди.
АҚШ президенти Доналд Трамп коронавирус Хитойдаги лабораториядан тарқалгани ҳақида узоқ вақтдан бери таъкидлаб келади. Аммо АҚШ разведка идоралари бу назарияни қўллаб-қувватловчи етарли далил тополмаган.
Бундан ташқари, Хитой расмийлари бундай назарияларни кўп маротаба рад қилиб, тергов бошқа жойда ўтказилиши кераклигини айтиб келмоқда.
Мавзуга оид
20:58 / 26.05.2026
Африкадагилар Эбола безгаги тарқалишини жиловлай олмаяпти
22:16 / 25.05.2026
ЖССТ Конгода Эбола эпидемияси назоратдан чиқиб кетгани ҳақида огоҳлантирди
18:24 / 22.05.2026
Эбола янги штаммига қарши вакцина фақат олти-ўн ойдан кейин тайёр бўлади – ЖССТ
20:13 / 19.05.2026