Жаҳон | 13:35 / 01.07.2025
1504
3 дақиқада ўқилади

Евроиттифоқ Украина учун агромаҳсулотлар импортини енгиллаштиради

Брюссел Киев билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилиш бўйича музокараларни якунлади. Улар айрим товарлар савдосини тўлиқ эркинлаштириш, бошқа товарлар учун квоталар миқдорини ошириш ва 2028 йилгача Украинани Европа Иттифоқи стандартларига яқинлаштириш бўйича келишиб олди.

Фото: EPA/UPG

Еврокомиссия Украина билан Европа Иттифоқи ва Украина ўртасидаги чуқур ва кенг қамровли эркин савдо ҳудудини қайта кўриб чиқиш бўйича музокараларни якунлади, бу ҳақда 30 июн, душанба куни Брюсселда савдо ва иқтисодий хавфсизлик бўйича Европа комиссари Марош Шефчович ҳамда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат бўйича Европа комиссари Кристоф Хансен эълон қилди.

Томонлар Ассоциация битими доирасида савдони либераллаштириш бўйича қоидаларни қайта кўриб чиқиш бўйича принципиал келишувга эришди. Бу қадам Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиши контекстида «узоқ муддатли ва олдиндан тахмин қилинадиган ўзаро ҳамкорлик доирасини яратишда янги босқични англатади», деди Шефчович. Унинг таъкидлашича, келишув «айрим қишлоқ хўжалиги тармоқларининг сезгирлигини тўлиқ ҳисобга олади, у Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ва фермерлар томонидан қайд этилган». «Келишув мувозанатли, адолатли ва реалдир, у оғир геосиёсий шароитларда эҳтимолий энг яхши натижани ифодалайди», деб таъкидлади Марош Шефчович.

Техник тафсилотлар ҳозирча ошкор этилмаган, дейди расмийлар Брюсселдаги брифингда, аммо 6 июндан бери амалда бўлган урушдан олдинги квоталар билан солиштирганда, украиналик ишлаб чиқарувчилар учун шароитлар яхшиланган. Шундай қилиб, Брюссел ва Киев бир қатор маҳсулотлар, жумладан, қуруқ сут, сут маҳсулотлари, қўзиқоринлар, узум шарбати ва бошқалар бўйича савдони тўлиқ эркинлаштиришга келишиб олди, дея DW мухбирининг саволига жавоб берди Европа комиссари Хансен.

Аксарият қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун жорий квоталар сўнгги йиллардаги энг юқори савдо даражасига кўтарилади, деди у. Бунга, масалан, сариёғ, қуруқ сут, солод, глютен, жўхори ва арпа ёрмалари киради.

Тухум, шакар ва буғдой каби «сезгир маҳсулотлар» учун квоталар кўпаяди, аммо тарихий савдо ҳажмидан паст бўлади. Ушбу тоифадаги товарлар учун импорт бутун блок ёки алоҳида давлатлар даражасида «жиддий қийинчиликларга» олиб келмаслиги учун Европа Иттифоқининг ҳимоя механизмлари амалда бўлади, деди Шефчович. Нисбатан камроқ сезгир маҳсулотлар учун квоталар «ўртача миқдорда» оширилади.

Ўз навбатида, Украина парранда гўшти, шакар учун квоталарни оширади, шунингдек, бошқа товарларга импорт божларини камайтиради ёки бекор қилади, дейди Еврокомиссиядагилар. Бу Европа Иттифоқи мамлакатлари учун экспорт имкониятларини оширишга ёрдам беради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид