Жаҳон | 15:57 / 07.07.2025
2535
2 дақиқада ўқилади

Германия президенти: Литвани ўз эркинлигини ҳимоя қилишда қўллаб-қувватлаймиз

Ким Литвани ҳимоя қилса, Европа ва Европа қадриятларини ҳимоя қилади, деди Франк-Валтер Штайнмайер Вилнюсда сўзлаган нутқида.

Фото: Mindaugas Kulbis/AP/picture alliance

Германия федерал президенти Франк-Валтер Штайнмайер Литвани ўз эркинлигини ҳимоя қилишда қўллаб-қувватлашига ишонтирди. «Литвага немис бригадасини жойлаштириш орқали биз ортга қайтмайдиган ваъда берамиз: сизнинг хавфсизлигингиз бизнинг хавфсизлигимиздир», деди Штайнмайер 6 июл, якшанба куни Вилнюсда.

«Бу бригада ўзаро масъулият ва алянсга содиқликни ифодалайди. Чунки биз биламизки, ким Литвани ҳимоя қилса, у Европа ва Европа қадриятларини ҳимоя қилади», — деди президент. Немис зирҳли танк бригадаси 2027 йилда Литвада жойлаштирилади. 2027 йил охиригача бу ерда 5000 га яқин Бундесвер аскари доимий жойлаштирилиб, НАТОнинг шарқий қанотини мустаҳкамлайди, потенциал тажовузкорга қарши жанговар ҳаракатларга тўлиқ тайёр бўлади.

Литва президенти Гитанас Науседа германиялик ҳамкасбини Давлатчилик куни байрамига фахрий меҳмон сифатида таклиф қилди. Бу таклиф Берлинда юқори баҳоланди.

Вилнюсда байрам муносабати билан ўтказилган ҳарбий маросимда сўзга чиққан Науседа немис бригадасини «Европа бирдамлиги ва масъулиятининг кучли белгиси» деб атади. Науседа президент Штайнмайер билан мудофаа соҳасида Литва-Германия ҳамкорлиги, Украинани қўллаб-қувватлаш, Россияга босим ва ҳарбий ҳаракатчанликка стратегик сармоя киритиш масалаларини муҳокама қилганини таъкидлади. «Германия Европада хавфсизлик, барқарорлик ва тинчлик кафолати бўйича асосий иттифоқчи бўлиб қолмоқда», — деб ёзди Литва раҳбари X ижтимоий тармоғида.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид