Ўзбекистон | 11:41 / 07.07.2025
6917
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон БРИКСнинг ҳамкор давлатига айланди

Бразилияда бўлиб ўтган БРИКСнинг 17-юқори даражадаги саммитида Индонезия гуруҳнинг янги аъзоси сифатида қабул қилинди. Шунингдек, ўнта давлат, жумладан, Ўзбекистон ва Қозоғистон ташкилотнинг ҳамкор давлатлари сифатида тан олинди.

Фото: AA Photo

6 июл куни Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида БРИКСнинг 17-юқори даражадаги саммити бўлиб ўтди. Унда БРИКС давлатлари раҳбарлари Индонезияни гуруҳнинг янги аъзоси сифатида қабул қилди. Шунингдек, яна 10 та давлат ташкилотнинг ҳамкор давлатлари сифатида тан олинди.

«Индонезия Республикасини БРИКС аъзоси сифатида, шунингдек, Беларус Республикаси, Кўп миллатли Боливия давлати, Қозоғистон Республикаси, Куба Республикаси, Нигерия Федерал Республикаси, Малайзия, Таиланд қироллиги, Ветнам Социалистик Республикаси, Уганда Республикаси ва Ўзбекистон Республикасини БРИКСнинг ҳамкор давлатлари сифатида қабул қиламиз», - дейилади 17-БРИКС саммитининг қўшма баёнотида.

Якшанба куни бўлиб ўтган «Тинчлик ва хавфсизлик ҳамда глобал бошқарув ислоҳоти» мавзусидаги БРИКС сессиясида Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди бошқа ташкилотларни ҳам ислоҳ қилишга чақирди:

«БРИКС кенгайиши ва янги ҳамкорларнинг қўшилиши ушбу тузилманинг замонга мослашиш салоҳиятини кўрсатади. Энди эса Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши, Жаҳон Савдо Ташкилоти (WТО) ва Кўп томонлама тараққиёт банклари каби институтларни ҳам ислоҳ қилишга айни шу қатъият билан ёндашмоғимиз зарур.

Фото: Ҳиндистон бош вазири матбуот хизмати

Сунъий интеллект асрида, технологиялар ҳар ҳафта янгиланаётган бир пайтда глобал институтлар 80 йил давомида ўзгармаган бўлиши мутлақо қабул қилинмайди. XXI аср дастурини XX аср ёзув машинкасида ишлатиб бўлмайди», деди Ҳиндистон бош вазири.

Шунингдек, БРИКС етакчилари Иқлим молиялаштириш бўйича декларация, «Сунъий интеллект глобал бошқаруви» тўғрисидаги баёнот ҳамда «Ижтимоий сабабларга кўра юзага келадиган касалликларни йўқ қилиш бўйича шериклик ташаббуси»ни маъқуллади. «Ушбу ташаббуслар БРИКС давлатларининг глобал муаммоларга инклюзив ва барқарор ечимлар яратишга қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракатларини намоён этади», дейилади баёнотда.

Маълумот учун, БРИКС дастлаб 2009 йилда Бразилия, Россия, Ҳиндистон ва Хитой етакчиларининг илк саммитида шаклланган эди. Кейинчалик Жанубий Африка аъзо бўлди. Шу кунга қадар Миср, Эфиопия, Эрон, БАА ва Индонезия тўлиқ аъзоликка қабул қилинди. Бу йилги саммитда Индонезия илк бор аъзо давлат сифатида қатнашмоқда. Ташкилот айни вақтга келиб дунё аҳолисининг ярмидан кўпроғини расман бирлаштиради.

Турли манбаларга кўра, ҳозирда 30 дан ортиқ давлат БРИКСга аъзо ёки ҳамкор сифатида қўшилиш истагини билдирган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Kun.uzʼга маълум қилишича, БРИКС билан ҳамкорлик Ўзбекистон ташқи сиёсатининг прагматик ва мувозанатли йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда.

Вазирлик матбуот котиби Аҳрор Бурҳоновнинг маълум қилишича, «Ўзбекистон Республикаси БРИКС ташкилоти ҳамкор мамлакатига айланди ва шу масалада имкониятларни ўрганмоқда.

«БРИКС аъзолари — Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка, шунингдек, сўнгги йилларда унга қўшилган бошқа давлатлар билан икки ва кўп томонлама алоқалар изчил ва ҳар томонлама ривожланмоқда. Ушбу ҳамкорлик савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-логистика, илм-фан, инновация ва бошқа муҳим йўналишларни қамраб олмоқда. Ўзбекистон мазкур платформа доирасида амалий шериклик ва очиқ мулоқотни қўллаб-қувватлайди, умумий тараққиёт, барқарорлик ва манфаатли интеграцияга ҳисса қўшишга тайёр.

БРИКС билан ҳамкорлик Ўзбекистон ташқи сиёсатининг прагматик ва мувозанатли йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда», дейилади ТИВ расмийси Kun.uzʼга берган изоҳда.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид