Жаҳон | 13:45 / 08.07.2025
1681
2 дақиқада ўқилади

Латвия Германиянинг ЕИ ва НАТОдаги роли кучайганини олқишлади

Украинада давом этаётган уруш ва Россия таҳдиди фонида Германия Европа хавфсизлиги учун масъулиятни кўпроқ ўз зиммасига олиши тўғри бўларди, дейди Латвия президенти Эдгарс Ринкевичс.

Эдгарс Ринкевичс Фото: AP

Мавжуд геосиёсий вазият ва Россиянинг Украинага қарши тўрт йилдан бери давом этаётган уруши фонида Германиянинг умумий Европа хавфсизлигини таъминлашдаги ролини ошириш тўғри қарордир. Бу фикрни Латвия президенти Эдгарс Ринкевичс 8 июл, сешанба куни Ригада журналистлар билан суҳбатда билдирди.

«Германия Европанинг барқудрат давлати ва иқтисодий марказидир. Шунинг учун у Европанинг мудофаа ва хавфсизлик сиёсатида муҳимроқ рол ўйнаши зарур. Буни олқишлаш керак», — дея Латвия давлат раҳбарининг сўзларидан иқтибос келтиради dpa агентлиги.

Германия амалдаги ҳукуматининг Бундесвернинг қуролланишини яхшилаш ва уни анъанавий қуроллар бўйича Европадаги энг кучли армияга айлантириш бўйича режалари Латвия ҳукуматини ўйлантирмаяпти. «Германия ўнлаб йиллар давомида ўзининг сиёсатини, Ғарб қадриятларига таянган ҳолда демократик ҳуқуқий давлат эканини ишончли исботлаб келди. Шунинг учун бу мени умуман ўйлантирмайди», деб тушунтирди Ринкевичс журналистлардан бирининг саволига жавоб берар экан. «Мен Германия қуролли кучларининг ривожланишини тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Бу бутун Европа хавфсизлиги манфаатларига мос келади», — дея таъкидлади у.

Эдгарс Ринкевичс 8 июл куни Ригада Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайер билан учрашади. Уларнинг суҳбати асосий мавзулари Германия ва Латвия ўртасидаги икки томонлама муносабатлар, шунингдек, Россия билан чегарадош ва айни пайтда НАТОнинг шарқий қанотини ташкил этувчи Болтиқбўйи давлатларидаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият бўлиши кутилмоқда.

«Энг катта умумий муаммолар, албатта, Россиянинг Украинага қарши тажовузкорлиги ва Россиядан келиб чиқадиган Европа хавфсизлигига таҳдиддир», деб тушунтирди Ринкевичс. Унинг фикрича, Европа Иттифоқининг хавфсизлиги, мудофааси ва рақобатбардошлигини «сезиларли» яхшилаш керак. «Биз буни фақат биргаликда, шу пайтгача қилганимиздан кўра кўпроқ қилишимиз мумкин», деб таъкидлади Латвия президенти.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид