Жаҳон | 13:37 / 10.07.2025
2814
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Украинага айрим турдаги қуролларни етказиб беришни қайта тиклади

Америка Украинага артиллерия снарядлари ва мобил ракеталарни етказиб беришни тиклади, деб хабар берди Reuters.

Фото: Efrem Lukatsky/AP

Америка Қўшма Штатлари Украинага артиллерия снарядлари ва мобил ракеталарни етказиб беришни қайта тиклади, деб хабар берди Reuters 9 июл, чоршанба куни икки америкалик расмийга таяниб. Уларга кўра, Киевга 155 миллиметрли артиллерия снарядлари ва GMLRS мобил ракеталари тақдим этилмоқда. Агентлик суҳбатдошлари қанча қурол юборилгани ва етказиб бериш тугалланганига аниқлик киритмади. Бошқа турдаги қуролларни жўнатишни давом эттиришга қарор қилинганми ёки йўқми, бу ҳам номаълум.

АҚШ президенти Доналд Трамп аввалроқ Украинага Patriot зенит-ракета комплексларини етказиб бериш имкониятини кўриб чиқишини айтган эди.

Ўтган ҳафтада жўнатилиши тўхтатилган партия таркибига 30 та Patriot ракетаси, 8500 та 155 мм артиллерия снарядлари, 250 дан ортиқ GMLRS аниқ бошқариладиган ракеталари ва 142 та Hellfire "ҳаво-ер" ракеталари киритилган.

8 июл куни Оқ уйда бўлиб ўтган учрашувда Трамп Американинг Украинага мудофаа қуролларини юборишни маъқуллаганини айтди, деб хабар берди Reuters.

Украина президенти Володимир Зеленский кечки видеомурожаатида мамлакат мудофаа вазири Рустем Умеров ва Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирскийга «Америка томони билан барча алоқаларни фаоллаштиришни» топширганини айтди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид