Жаҳон | 15:10 / 12.07.2025
4464
2 дақиқада ўқилади

Ҳарбий жиноятларда айбланган Россия бригадаси командири ҳалок бўлди

Аскарлари Украинадаги ҳарбий жиноятларда бир неча бор айбланган Россия Қуролли кучларининг 155-алоҳида денгиз пиёда бригадаси қўмондони ҳалок бўлди.

Фото: Rodrigo Abd/picture alliance / ASSOCIATED PRESS

Россия Қуролли Кучларининг 155-алоҳида денгиз пиёда бригадаси қўмондони Сергей Илин Украинадаги урушда ҳалок бўлди. 10 июл, пайшанба куни Чувашиянинг Урмар тумани маъмурияти «ВКонтакте» ижтимоий тармоғидаги саҳифасида унинг ўлими ҳақидаги хабар пайдо бўлди. ОАВ бунга эътибор қаратганидан сўнг, пост ўчириб ташланган.

Расмийлар Илин қаерда ва қандай шароитда вафот этгани ҳақида хабар бермади. Россиянинг уруш тарафдори бўлган Telegram каналлари маълумотларига кўра, у 2 июл куни Украина қуролли кучларининг Курск вилоятига уюштирган ҳужуми чоғида ҳалок бўлган. Ҳарбий-денгиз кучлари бош қўмондони ўринбосари генерал-майор Михаил Гудков ҳам ўшанда ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда Astra.

Ҳарбийларга яқин манбалар ёзишича, Гудков бошқа 10 зобит билан бирга Украина қуролли кучлари томонидан Украина чегарасидан унча узоқ бўлмаган Коренево ҳудудидаги қўмондонлик пунктига уюштирилган ҳужум натижасида ҳалок бўлган.

155-денгиз пиёда бригадаси аскарлари Россиянинг Украинага бостириб кириши бошида Киев вилоятини босиб олишда қатнашган. Улар Буча, Гостомел ва Ирпен шаҳарларида ҳарбий жиноятларда ва тинч аҳолини ўлдиришда айбланган.

Худди шу бригаданинг аскарлари уруш пайтида украиналик аскарларнинг бошини танасидан жудо қилишда ва ўлганларнинг жасадларини бошқа усуллар билан таҳқирлашда айбланган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид