Ўзбекистон | 13:58 / 12.07.2025
1381
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда "Энг намунали "яшил" туризм объекти" танлови ўтказилади

Иорданиянинг Ammon News газетаси сайтида "Энг намунали "яшил" туризм объекти" танлови ташкил этилади" сарлавҳали мақола чоп этилди.

Унда Вазирлар Маҳкамасининг "Туризм объектлари ҳамда жойлаштириш воситаларида атроф-муҳитга салбий таъсири камайтирилган маҳсулотлардан фойдаланиш ва экологик талабларга мувофиқ кўрсатиладиган хизматларни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгиланган вазифалар қаламга олинган.

"Қарорга мувофиқ, танлов туризм объектларида бир марталик пластик маҳсулотлардан фойдаланишда экологик жиҳатдан зарарсиз (биопарчаланувчи) маҳсулотларга ўтиш борасида яхши натижаларга эришган, шунингдек, соҳага оид илм-фан ютуқларини амалиётга жорий этиб, замонавий технологиялардан самарали фойдаланган ҳолда ўз фаолиятида чиқиндилар ҳосил бўлишини камайтириш ишларида алоҳида ташаббус кўрсатган тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўтказилади", – деб ёзилган материалда.

Нашрда таъкидланишича, танлов иштирокчилари Туризм қўмитасининг расмий веб-сайти орқали 1 августга қадар рўйхатдан ўтишлари мумкин.

"Рўйхатдан ўтган иштирокчилар номзоди 10 августга қадар ҳудудий комиссияларга юборилади. Ҳудудий саралаш босқичи сентябрь ойида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида бўлиб ўтади. Ҳудудий саралаш босқичлари ғолиблари октябрь-ноябрь ойларида республика якуний босқичида иштирок этади", – дея қайд этилган мақолада.

Ammon News газетаси сайтида жойлаштирилган мақолада, шунингдек, танловнинг республика якуний босқичи ғолиблари эгаллаган ўринларига қараб базавий ҳисоблаш миқдорининг 150, 100 ва 50 баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти билан тақдирланишлари ҳақидаги маълумотларни муштарийлар эътиборига тақдим қилинган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид