Жаҳон | 07:51 / 17.07.2025
2237
2 дақиқада ўқилади

Германия суди АҚШ дронлари зарбаси бўйича шикоятни рад этди

Германия Рамштайн ҳаво базасидан бошқарилган АҚШ дронларининг Яманга берган ҳалокатли зарбалари учун жавобгар эмас. Бундай қарор Германия Федерал конституциявий суди томонидан қабул қилинди.

Фото: Uli Deck/dpa/picture alliance

АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг Рейнланд-Пфалц федерал еридаги Рамштайн авиабазасидан бошқарилган АҚШ дронлари Ямандаги нишонларга зарба бергани бўйича ишда Германия Қўшма Штатларга қарши ҳеч қандай чора кўришга мажбур эмас. Карлсруэдаги Федерал конституциявий суди шундай қарор қабул қилди ва шу тариқа Ямандан икки даъвогарнинг шикоятини рад этди. Улар Германия Қўшма Штатлар томонидан халқаро қонунларга риоя этилишини талаб қилиши кераклигини билдирди.

Суд жараёнига 2012 йилда АҚШ дронларининг Яманга уюштирган ҳужуми сабаб бўлган, ҳодиса оқибатида икки киши ҳалок бўлган. Улар «Ал-Қоида» террор ташкилоти аъзолари билан учрашгани айтилади. Қурбонларнинг икки қариндоши, Яман фуқаролари, Рамштайн авиабазасидан дронларни бошқариш учун фойдаланиш Германия зиммасига масъулият юклайди, деб ҳисоблайди, шунинг учун улар Карлсруэда конституциявий шикоят билан чиқди.

2010 йилда АҚШ қуролли кучлари Германия Мудофаа вазирлигига Рамштайн авиабазасида сунъий йўлдош ретрансляция станцияси қурилиши ҳақида хабар берган эди. У, бошқа нарсалар қатори, ҳужумкор дронларни бошқариш учун ишлатилади. Суд ҳужжатларига кўра, Германия вазирлиги ўшанда ҳеч қандай эътироз билдирмаган.

Даъвогарлар Германияда суд ишларини 2014 йилда бошлаган. Мюнстер олий маъмурий суди 2019 йилда федерал ҳукумат Рамштайн авиабазасидан фойдаланган ҳолда операциялар ўтказиш халқаро ҳуқуқни бузиши ёки бузмаслигини аниқлаши керак деган қарорга келди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид