Жаҳон | 18:34 / 26.07.2025
3734
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Венесуэла президенти Мадурони наркокартел раҳбари деб атади

Николас Мадуро гиёҳванд моддалар ёрдамида «америкаликлар ҳаётини барбод қилишда» айбланди.

Фото: REUTERS/Jorge Dan Lopez

АҚШ Венесуэла президенти Николас Мадурони «Tren de Aragua» тўдаси ва Мексиканинг «Sinaloa» наркокартелини қўллаб-қувватловчи «Қуёшлар картели» (Cartel де Los Soles) гуруҳини бошқаришда айблади, деб ёзди Reuters. Вашингтон ҳар икки ташкилотни хорижий террорчи гуруҳ деб тан олган.

Давлат департаменти баёнотига кўра, «Қуёшлар картели» етакчилари Мадуро бошчилигидаги Венесуэланинг юқори мартабали амалдорларидан иборат.

АҚШ Ғарбий яримшар ишлари бўйича бюро Мадуронинг «Америка ҳаётини барбод қилиш ва яримшарни беқарорлаштиришдан фойда олишда давом этишига» тўсқинлик қилиш учун «барча мавжуд ресурслардан» фойдаланишини маълум қилди.

Шунингдек, Америка расмийлари Венесуэла раҳбарини диктатор деб атаган ва АҚШ ҳудудида гиёҳванд моддалар савдосига раҳбарлик қилишда айблаган.

2020 йилда АҚШ Мадуро ва унинг иттифоқчиларига қарши гиёҳванд моддалар савдоси бўйича айбловларни илгари сурган эди.

Мадуро бир неча бор Американинг даъволарини туҳмат деб атаб, айбловларни рад этган ва Вашингтон гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишни камайтиришга кўпроқ эътибор қаратиши кераклигини айтган.

Қўшма Штатлар Мадуронинг 2024 йилги президент сайловидаги ғалабасини ноқонуний деб ҳисоблайди ва уни ҳибсга олиш учун ордер берган. Венесуэла етакчиси 2013 йилдан буён ушбу лавозимда ишлаб келмоқда ва мамлакат сайлов органлари ва олий суди томонидан июл ойидаги сайловда ғолиб деб эълон қилинган. Бироқ овоз бериш жараёнининг батафсил баённомалари ҳеч қачон эълон қилинмаган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид