Жаҳон | 23:46 / 28.07.2025
5538
2 дақиқада ўқилади

Хитой туғилишни рағбатлантириш мақсадида ҳар бир бола учун пул тўлайди

Мамлакат туғилишнинг камайиб бораётгани туфайли жиддий чораларни кўришга мажбур бўлмоқда.

Фото: Reuters

Хитой оилаларга уч ёшгача бўлган ҳар бир бола учун йилига 3600 юан (тахминан 500 доллар) тўлайди. Бу ҳақда «Синхуа» агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, бу Хитойда болалар учун бериладиган биринчи умуммиллий нафақа бўлиб, унинг жорий этилиши «оилаларни қўллаб-қувватлаш ва болалар туғилишини рағбатлантиришга» қаратилган. Бундай нафақани ҳар йили 20 миллионга яқин оила олиши кутилмоқда.

Хитой ҳукумати туғилишни рағбатлантиришга биринчи марта уринмаяпти. Мамлакатда 1970-йилларда туғилишни камайтириш мақсадида жорий этилган «бир оила - бир бола» сиёсати 2015 йилгача давом этди. Шундан сўнг Хитой ҳукумати, аксинча, туғилишни рағбатлантиришни бошлади.

Анъанавий моддий рағбатлантиришдан ташқари, Хитой ҳукумати мафкуравий кампанияларни ҳам қўлламоқда: «уйланиш ва фарзанд кўришга ижобий қарашга» бағишланган партия йиғилишларини ўтказмоқда ёки ёлғиз одамларни турмуш қуришга, оилаларни эса кўпроқ фарзанд кўришга чақирмоқда. Шунга қарамай, 2024 йил якунларига кўра, Хитойда туғилган болалар сони кетма-кет учинчи йил камайиб бормоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид