Ўзбекистон | 07:44 / 30.07.2025
3071
3 дақиқада ўқилади

Айрим географик объектлар номи давлат тили қоидаларига мувофиқлаштирилади

"Экология вазирлиги тасарруфида бўлган ер майдонларида жойлашган айрим географик объектларнинг номларини давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштириш ҳамда янги ном бериш тўғрисида"ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси эълон қилинди.

«Давлат тили ҳақида»ги ва «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги қонунлар талаблари асосида давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштирилган ҳамда янги ном берилган 121 та географик объект номларини ўз ичига олган:

  • давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштирилган тоғ тизмалари, тоғ ва чўққилар номлари рўйхати;
  • янги ном берилаётган тоғ тизмалари, тоғ ва чўққилар номлари рўйхати тасдиқланади.

Белгилаб қўйилишича, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда мазкур тасдиқланган номлардан фойдаланилади.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Кадастр агентлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Спорт вазирлиги, Фанлар академияси, «Ўзархив» агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда:

  • тоғ тизмалари, тоғ ва чўққилар номларининг давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштирилиши ҳамда янги ном берилиши муносабати билан тегишли ҳужжатлар ҳамда маълумотлар базасига ўзгартириш киритиш бўйича зарур чораларни кўради;
  • тегишли вазирликлар ва идораларнинг малакали ходимлари ҳамда геология, география, филология, тарих соҳасининг олимлари ва мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ тузиш, мавжуд харита ва маълумотлар асосида Экология вазирлиги тасарруфида бўлган ер майдонларида жойлашган тоғ тизмалари ва улардаги табиий объектлар, жумладан, тоғлар, чўққилар, даралар, довонлар, ғорлар, кўллар, сойлар, булоқлар ва шаршараларнинг номлари рўйхатини шакллантиради;
  • тоғ тизмалари, тоғ ва чўққилар номларининг давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштирувчи идоралараро республика ишчи гуруҳи ташкил этилади;
  • ишчи гуруҳни ҳудудларга юборган ҳолда Экология вазирлиги тасарруфида бўлган ер майдонларида жойлашган тоғ тизмалари ва улардаги табиий объектлар, жумладан, экотуризм объектлари бўлган тоғлар, чўққилар, даралар, довонлар, ғорлар, кўллар, сойлар, булоқлар ва шаршараларинг номлари ва уларнинг изоҳи, жойлашуви ва маълумотларини жамлаган ҳолда хатловдан ўтказади;
  • босқичма-босқич тоғ тизмалари ва улардаги табиий объектларни номлаш ва қайта номлаш масалаларини тизимли йўлга қўйиш мақсадида «Давлат тили ҳақида»ги ва «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги қонунларида белгиланган талаблардан келиб чиқиб ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиб, ўрнатилган тартибда киритади.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид