Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Моди 7 йил ичида биринчи марта Хитойга ташриф буюради
Ташриф Ҳиндистоннинг АҚШ билан муносабатлари кескинлашиши, жумладан, Вашингтон томонидан Ҳиндистонга жорий этилган қўшимча божлар фонида бўлиб ўтади.
Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди етти йил ичида биринчи марта Хитойга ташриф буюради, деб хабар берди Reuters.
Ташриф август ойи охирида - Ҳиндистоннинг АҚШ билан муносабатлари кескинлашиши, жумладан, Вашингтон томонидан Ҳиндистонга жорий этилган қўшимча божлар фонида бўлиб ўтади.
Агентлик маълумотларига кўра, Ҳиндистон ҳукумати раҳбари 31 август куни Хитойнинг Тянжин шаҳрида бошланадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитида иштирок этади. Моди охирги марта 2018 йилда Хитойга ташриф буюрган. Бироқ шундан бери икки давлат ўртасидаги муносабатлар кескин ёмонлашди: 2020 йилда Ҳимолай тоғлари чегарасида Хитой ва Ҳиндистон ҳарбийлари ўртасида қуролли тўқнашув содир бўлди.
Шунга қарамай, ўтган йилнинг октябр ойида Моди ва Хитой раиси Си Жинпинг Россияда бўлиб ўтган BRICS саммити доирасида музокаралар ўтказди, бу эса, Reuters таъкидлаганидек, икки томонлама кескинликни юмшатишга ёрдам берди.
Ҳозир икки Осиё давлати чегарадаги можаро ва мамлакатлар ўртасидаги ишбилармонлик ва сайёҳлик алмашинувига тўсқинлик қилган бошқа келишмовчиликлар туфайли узилиб қолган алоқаларни аста-секин тикламоқда.
Агентлик маълумотларига кўра, Ню-Деҳли ва Вашингтон ўртасида сўнгги йиллардаги энг жиддий инқироз юзага келмоқда. Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп Ҳиндистонни «энг кучли нотариф тўсиқларга эга мамлакат» деб атаганди. Бундан ташқари, у Ню-Деҳлини Россия нефтини сотиб олишни давом эттираётгани учун кескин танқид қилиб, Ҳиндистон шу тариқа «Украинадаги қотилликларни тўхтатмаётган» мамлакат иқтисодиётини қўллаб-қувватлаётганини таъкидлади.
6 август куни Трамп Россия билан нефт савдосига жавобан Ҳиндистон товарларига қўшимча божлар жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Оқ уй сайтида эълон қилинган ҳужжатдан маълум бўлишича, Ҳиндистон импорти учун амалдаги 25 фоизлик божга яна 25 фоизлик тариф қўшилмоқда.
Шундай қилиб, умумий ставка 50 фоизга етади. Янги режим 21 кундан кейин кучга киради. Шу билан бирга, фармонда қайд этилганидек, агар бу вақтга бориб Россия Украинага қарши жанговар ҳаракатларни тўхтатса, чора бекор қилиниши ёки қайта кўриб чиқилиши мумкин. Оқ уй, шунингдек, Россия нефтини сотиб олишни давом эттираётган бошқа мамлакатларга нисбатан ҳам худди шундай чекловлар жорий этилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Мавзуга оид
08:43 / 11.06.2026
Жаҳон нефть савдоси маркази Осиёга кўчмоқда
22:15 / 09.06.2026
Хитойда илк марта одамга чўчқанинг иккита буйраги ва жигари муваффақиятли кўчириб ўтказилди
21:33 / 09.06.2026
Хитойнинг ўнлаб компаниялари Пентагоннинг қора рўйхатига киритилди
20:27 / 09.06.2026