Жаҳон | 13:10 / 11.08.2025
7578
3 дақиқада ўқилади

Москвада «АрБат» баталйони асосчиси худкуш томонидан ўлдирилгани маълум бўлди

ФХХ турар жой мажмуасида кузатув камерасидан олинган видеони эълон қилди. Тасвирда икки эркак газета билан диванда ўтирган одамнинг ёнидан ўтаётгани ва шу пайт портлаш содир бўлганини кўриш мумкин.

Армен Саркисян Фото: Валерий Шарифулин / ТАСС

«АрБат» кўнгиллилар баталйони асосчиси Армен Саркисян («Армен Горловский») ҳалок бўлган портлашни худкуш содир этган. Бу ҳақда Россия ФХХ хабар берди.

ФХХ Москвадаги «Алые паруса» турар жой мажмуаси фойесидаги кузатув камерасидан олинган видеони эълон қилди.

Тасвирда икки эркак газета билан диванда ўтирган одамнинг ёнидан ўтаётганини ва шу пайт портлаш содир бўлганини кўриш мумкин.

ФХХ Саркисяннинг ўлдирилиши Украина махсус хизматлари томонидан уюштирилган ва ижрочидан кўр-кўрона фойдаланилган, деб ҳисобламоқда.

«2025 йил бошидан бери Украина махсус хизматлари қўпорувчилик сценарийсига тобора кўпроқ мурожаат қилмоқда, бунинг оқибатида ижрочилар нишон билан бирга йўқ қилинмоқда. Мисол тариқасида Москва шаҳридаги «Алые паруса» турар-жой мажмуасида, Ставропол ва Луганск шаҳарларида содир этилган терактни келтириш мумкин, унда Украина махсус хизматлари назорати остида ҳаракат қилган Россия Федерациясининг уч фуқароси ҳалок бўлди», дейилади ФХХ хабарида.

Портлаш 2025 йил 3 феврал куни Авиация кўчасидаги турар жой мажмуасида содир бўлган эди. Дастлаб бир киши ҳалок бўлгани ва тўрт киши яралангани айтилди. Ярадорлар орасида Саркисян ҳам бор эди, у олган жароҳатлари туфайли шу куни шифохонада вафот этди.

Июл ойида Тергов қўмитаси теракт иши бўйича камида 6 нафар шахс тергов қилинаётгани ҳақида хабар берди.

«Бир шахс Украинада яшириниб юрибди. Қўлга олинганлар яширинишга уриниб ҳам кўрмаган, улар ҳеч қачон қўлга олинмаймиз, деб ҳисоблаган... Жиноятчилар конспирацияга риоя қилган, телефон алоқасидан фойдаланмаган, уларни Украинадан мувофиқлаштиришган. Асосий ишда ноқонуний миграция бўйича ҳам материаллар бор: яна беш нафар айбланувчи «резина квартира» ташкил қилган, унда портлатувчи шахс рўйхатга олинган. Уларнинг барчаси жиноий жавобгарликка тортилади», деди Россия Марказий разведка бошқармаси вакили Максим Денисов.

«АрБат» баталйони 2022 йилда Донецк вилояти Горловка шаҳрида ташкил этилган. Унинг аъзолари Россия томонида Украинага қарши жангларда иштирок этган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид