Жаҳон | 09:57 / 13.08.2025
3766
2 дақиқада ўқилади

Эрдўғаннинг шахсий маълумотлари ҳакерлар қўлига ўтгани маълум бўлди

Туркия прокуратураси ҳакерлар гуруҳини Эрдўғаннинг шахсий маълумотларини ўғирлашда айблади.

Фото: epa/vostock-photo

Туркия прокуратураси бир гуруҳ ёшларни ҳукумат базасидан шахсий маълумотларни, жумладан, мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва бир қанча вазирларнинг идентификация рақамларини ўғирлаш ва сотишда айблади.

Аниқлик киритилишича, айблов хулосасида 20 киши кўрсатилган бўлиб, улардан 13 нафари 2021 йилда содир этилган жиноят пайтида вояга етмаган бўлган. Ҳакерлар Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш ва Таълим вазирликлари назорати остидаги платформаларга, шунингдек, бошқа бир қатор идоралар, суғурта компаниялари ва муниципалитет сайтларига ноқонуний равишда кирган.

Судланувчилар Туркия фуқароларининг шахсий маълумотларидан электрон ҳужжатларни, хусусан, академик ва полиция маълумотномаларини, мулк ҳақидаги кўчирмаларни, дори-дармонлар учун рецептларни ва бошқаларни қалбакилаштириш ва кейинчалик сотиш учун фойдаланган.

Тергов материалларида таъкидланганидек, жиноятчилар мижозларга интернетда, масалан, исталган касаллик варақасини тайёрлашни таклиф қилган. Шунингдек, ҳакерлар ихтиёрида Эрдўғаннинг 11 хонали ҳақиқий идентификация рақами ва бир неча вазирлар ҳақида шунга ўхшаш маълумотлар бўлгани кўрсатилган.

Ҳукумат маълумотлар базаларидаги ўғирлик 2021 йилда аниқланган. 2022 йил апрель ойидан бошлаб ҳуқуқ-тартибот идоралари гумонланувчиларни қўлга олишни бошлаган. Яқинда прокуратура ёшларга расмий айблов эълон қилди - ишдаги шахслар 15 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Туркияда давлатнинг биринчи шахслари ҳақидаги маълумотларни ўғирлаш билан боғлиқ можаролар илгари ҳам содир бўлган. Масалан, 2016 йилда бир гуруҳ номаълум шахслар 50 минг кишининг шахсий маълумотларини, жумладан, президент ҳақидаги маълумотларни очиқ эълон қилган эди. Бундан ташқари, жиноятчилар ўз ҳаракатлари айнан Эрдўғанга қарши қаратилганини даъво қилди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид