Ўзбекистон | 18:09 / 15.08.2025
3430
2 дақиқада ўқилади

“Умра–2025/26” илк зиёратчилари Саудия Арабистонига йўл олди

Умра сафари давомида зиёратчиларга тажрибали ишчи гуруҳи, таниқли имом-хатиблардан иборат гуруҳ раҳбарлари, малакали шифокорлар ҳамроҳлик қилиб, зиёрат ва ибодатлар хотиржам ўтишини таъминлайди.

14 август куни “Умра – 2025/2026” мавсумининг илк гуруҳ зиёратчилари Тошкент халқаро аэропортидан Саудия Арабистонига жўнаб кетди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, 240 нафар ҳамюртимиз "Uzbekistan Airways" ҳаво кемаси орқали Тошкент халқаро аэропортидан Жидда шаҳрига йўл олди. Улар дастлаб Мадина шаҳрида 3 кун, сўнгра Макка шаҳрида 7 кун зиёратда бўлади.

“Зиёратчилар Мадинада “Grand Shahba”, Макка шаҳрида эса “Al-Ayyam Elite” ва “Marmara Hotel” каби замонавий меҳмонхоналарда истиқомат қилишади. Уларга 3 маҳал иссиқ овқат, ширинлик ва сархил мевалар тортиқ қилинади.

Умра сафари давомида зиёратчиларга тажрибали ишчи гуруҳи, таниқли имом-хатиблардан иборат гуруҳ раҳбарлари, малакали шифокорлар ҳамроҳлик қилиб, зиёрат ва ибодатлар хотиржам ўтишини таъминлайди”, дейилади хабарда.

Қўшимча қилинишича, Макка ва Мадина шаҳарларида муборак жойларни зиёрат қилиш билан бирга Жидда шаҳридаги Қизил денгизга саёҳатга ҳам олиб борилади.

Тайёрлаган:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид