Жаҳон | 11:39 / 18.08.2025
10907
3 дақиқада ўқилади

Зеленский Трампнинг Қримдан воз кечиш ҳақидаги чақириғига муносабат билдирди

Украина раҳбари бир неча йиллар аввал Қрим ва Донбасснинг бир қисмини Россияга беришга мажбур қилишганини, энди бундай бўлмаслиги кераклигини айтди.

Фото: Telegram / V_Zelenskiy_official

АҚШ етакчиси Доналд Трамп билан учрашиш учун Вашингтонга борган Украина президенти Владимир Зеленский ўз мамлакати ҳарбий ҳаракатларни якунлаш ва узоқ муддатли тинчликка эришишга интилаётганини айтди. Шу билан бирга, у ҳаммаси худди аввалгидек бўлмаслиги кераклигини таъкидлади.

«Бу урушни тезроқ ва ишончлироқ тугатишни ҳаммамиз бирдек истаймиз. Тинчлик эса узоқ давом этиши керак. Бир неча йиллар аввал Украинани Қрим ва Донбасснинг бир қисмини беришга мажбур қилишди. Путин эса бундан шунчаки янги ҳужум учун плацдарм сифатида фойдаланди. Энди бундай бўлмаслиги керак. Ёки 1994 йилда Украинага гўёки «хавфсизлик кафолатлари» берилган, аммо бунинг фойдаси бўлмади. Албатта, 2022 йилдан кейин украиналиклар Киев, Одесса, Харковни бермагани каби Қримни ҳам бермаслик керак эди. Украиналиклар ўз ери, ўз мустақиллиги учун курашмоқда. Ҳозир жангчиларимизнинг Донецк ва Суми вилоятларида муваффақиятлари бор. Ишончим комилки, биз Украинани ҳимоя қиламиз, хавфсизликни амалда кафолатлаймиз ва халқимиз президент Трампдан, Америкадаги барчадан, ҳар бир ҳамкордан қўллаб-қувватлаши ва бебаҳо ёрдами учун доимо миннатдор бўлади. Россия ўзи бошлаган бу урушни тугатиши керак. Ва умид қиламанки, Америка билан, европалик дўстларимиз билан умумий кучимиз Россияни ҳақиқий тинчликка мажбурлайди», деб ёзди Зеленский.

Трамп Зеленскийнинг ташрифидан олдин, «агар хоҳласа, у Россия билан урушни деярли дарҳол тугатиши» мумкинлигини айтди. Бунинг учун Қримдан ва НАТО аъзоси бўлиш фикридан воз кечиши керак.

АҚШ давлат котиби Марко Рубио аввалроқ NBC News телеканалига берган интервьюсида бошловчининг Қрим ва Украина бой берган бошқа ҳудудлар ҳақидаги саволига жавобан Киевни уларни беришга «ҳеч ким мажбурламаётганини» айтди, бироқ тинчлик келишуви амалга ошмаслиги мумкинлигини тан олди.

18 август куни Оқ уйда Доналд Трамп, Владимир Зеленский ва бир қатор Европа етакчилари иштирокида учрашув режалаштирилган. ОАВ маълумотларига кўра, Киев ва Европа АҚШ ва Россия етакчилари Аляскадаги уч соатлик суҳбат чоғида нимага келишиб олганини ҳали ҳам тўлиқ тушунмаяпти. Шунинг учун Трамп уларга шахсан изоҳ бериши кутилмоқда.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид