Жаҳон | 20:04 / 25.08.2025
6172
3 дақиқада ўқилади

АҚШ меҳнат бозорида Буюк рецессия давридаги ҳолат кузатилмоқда

Одатда, иш жойини ўзгартирганларнинг маоши ўз жойида қолганларникига қараганда тезроқ ошади. Лекин сўнгги 6 ой ичида, бу тенденция тескарисига ўзгарди. Иқтисодчиларга кўра, бундай ўзгариш камдан кам ҳолларда бўлади ва одатда меҳнат бозори заифлашган пайтларда кузатилади. Охирги марта бу ҳолат Буюк рецессия даврида кузатилган эди.

Массачусетс штатидаги Медфорд шаҳрида ишга қабул эълони / Фото: Reuters

Одатда, иш жойини ўзгартирган ходимларнинг маоши қолганларга қараганда тезроқ ўсади. Бу мантиқан тўғри: одамлар одатда яхшироқ имконият топганда ишни тарк этади, бу кўпинча юқори маошни англатади. Аммо 2025 йилда вазият ўзгарди: меҳнат бозори заифлашгани сабабли ходимлар “иш сақлаш” режимига ўтиб, мавжуд иш жойида қолишга ҳаракат қилмоқда, деб ёзади CNBC.

Атланта федерал резерв банки кузатувларига кўра, сўнгги 6 ой ичида ишини сақлаб қолганларнинг иш ҳақи йиллик ўсиши ишини алмаштирганларникидан юқорироқ бўлган. Фарқ катта эмас: масалан, охирги бир йилда иш жойини ўзгартирмаган ходимларнинг маоши июл ойи ҳолатига йиллик нисбатда 4,1 фоизга ошган бўлса, ишини ўзгартирганларники 4 фоизни ташкил этган.

Иқтисодчилар фикрича, бундай бурилиш меҳнат бозоридаги чуқур заифликдан дарак беради.

Дарҳақиқат, банк маълумотларига кўра, 1990-йилларнинг охиридан буён ишини алмаштирувчилар ва жойида қолувчилар иш ҳақи ўсишидаги узоқ муддатли тенденция фақат 2000-йиллар бошидаги Дотком инқирози пайтида ва кейинроқ Буюк рецессия вақтида кузатилган.

Охирги марта бундай ҳолат 2009 йил февралидан 2010 йил июлигача бўлган 18 ой давомида содир бўлган. Бу – 2007 йил декабридан бошлаб АҚШ ипотека бозоридаги “пуфак” портлаб, молиявий институтлар қулаши туфайли Буюк рецессия юзага келганди. Ишсизлик даражаси 10 фоизгача кўтарилган, бозор заифлиги туфайли ходимлар музокара кучини йўқотган, иш топиш қийинлашган эди. Натижада, кўпчилик одамлар маош паст бўлса ҳам мавжуд иш жойида қолишга мажбур бўлган.

Сабаб ва оқибат

Сўнгги йилларда АҚШда иқтисодий ўсиш суръатининг секинлашуви, юқори фоиз ставкалари ва иқтисодий ноаниқлик шароитида бўш иш ўринлари камайди ва ишга олиш охирги ўн йилликдаги энг секин суръатларда кетмоқда.

Иқтисодчилар таъкидлашича, бу айниқса узоқ муддатли ишсизлар учун муҳим. Узоқ муддатли ишсизлик – бу камида 6 ой давом этадиган ишсизликдир. АҚШ Меҳнат статистика бюроси маълумотларига кўра, июл ойида барча ишсизларнинг қарийб 25 фоизи узоқ муддатли ишсиз бўлган. Бу – 2022 йил февралидан буён энг юқори кўрсаткичдир. Бундай одамлар кўпинча ишсизлик нафақасидан ҳам маҳрум бўлади.

Мутахассисларнинг тавсиялари

Карьера бўйича экспертларнинг айтишича, иш изловчилар меҳнат бозоридаги ноқулай шароитда ҳам муваффақиятга эришиши мумкин.

Бунинг учун:

  • профессионал алоқаларни кенгайтириш учун конференциялар, семинарлар, маърузалар ёки учрашувларда қатнашиш;
  • ташқаридан эмас, балки компания ичидан янги иш имкониятларини излаш;
  • малака ошириш ва қайта тайёрлашга эътибор қаратиш лозим.
Тайёрлаган:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид