Технология | 01:48 / 25.08.2025
10421
2 дақиқада ўқилади

Курашишда давом этамиз ва ғалаба қозонамиз – Павел Дуров

Telegram асосчиси Павел Дуров бир йил илгари Францияда ҳибсга олинганини эсга олиб, пост жойлади.

Фото: Getty Images

“Бир йил аввал француз полицияси умримда эшитмаган одамлар Telegram’дан жиноий мақсадларда фойдаланишганини рўкач қилиб, мени 4 кун ҳибсда сақлаганди. Йирик платформанинг бош директорини фойдаланувчиларнинг ҳаракати учун ҳибсга олиш юридик ва мантиқий жиҳатдан бемаънилик эди”, деб ёзди у.

Дуровнинг таъкидлашича, тергов ҳали ҳам унинг ёки Telegram’нинг айбдорлигига оид ҳеч нарса тополмаган.  

“Кулгилиси шундаки, мени француз полициясининг айби билан ҳибсга олишган: 2024 йил августигача улар Франция ва ЕИ қонунларини рад этишган ҳамда керакли юридик жараёнлар орқали Telegram’га сўров жўнатишмаган. 

Бу ғалати ҳибсдан бир йил ўтгач ҳам мен ҳар 14 кунда Францияга келишим керак. Апелляция муддати эса белгиланмаган. Афсуски, ҳибсга олинишимнинг ягона натижаси Франциянинг эркин мамлакат сифатидаги имижига путур етиши бўлди.

Биз курашишда давом этамиз ва ғалаба қозонамиз”, дея таъкидлаган Telegram асосчиси.

Павел Дуров ўтган йил 25 август куни Озарбойжондан Парижга ўз шахсий самолётида борганда Ле Бурже аэропортида қўлга олинганди.

Франция ҳуқуқ тартибот органлари Дуровни "наркотиклар айланмаси, болаларга қарши жиноятлар ва фирибгарлик"да айблаган. Бунга сабаб қилиб Мессенжерда модерация йўқлиги ва қонунни ҳимоя қилувчи органлар вакиллари билан ҳамкорликдан бош тортгани кўрсатилган.

Telegram асосчиси қарийб 8 ойлик “тутқунлик”дан сўнг Францияни тарк этиб, Дубайга қайтган.

Тайёрлаган:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид