Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Сохта косметологлар ва сифати кафолатланмаган муолажалардан огоҳ бўлинг” – ССВ
Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқлар ва гўзаллик салонларида маникюр, педикюр каби эстетик хизматлар билан бирга тиббий косметология муолажалари, хусусан, терини пилинг қилиш, ёғ олдириш, лазерли эпиляция, ботокс ва мезотерапия каби процедуралар ҳақидаги эълонлар ҳам кўпаймоқда. Мазкур муолажалардан кейин айрим ҳолларда нохуш асоратлар қоляпти. ССВнинг маълум қилишича, бу каби ҳолатларнинг аксариятига лицензия ва тиббий дипломга эга бўлмаган косметологлар хизмати сабаб бўлмоқда.
Фото: Midjourney
Тиббий косметология муолажалари — шифокор томонидан ўтказиладиган, лицензияланадиган фаолият тури. Шунга қарамай, баъзи гўзаллик салонлари ва хусусий клиникаларда ҳеч қандай ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлмаган сертификатлар билан бундай хизматларни кўрсатиш ҳолатлари кундан кунга кўпайиб боряпти.
Таҳлилларга кўра, ҳозир юртимизда 147 та нодавлат тиббиёт ташкилоти тиббий косметология ихтисослиги бўйича фаолият юритиш учун лицензия олган. Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич – Тошкент шаҳрида, яъни 94 тани ташкил этади. Улар сафига оддий гўзаллик салонлари ҳамда тиббиёт ташкилоти мақомига эга бўлмаган косметология муассасаларини ҳам қўшиб ҳисобланса, бу миқдор янада ортади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилган ўрганишларда аниқланишича, тиббий косметология ихтисослиги бўйича хизмат кўрсатиш учун лицензияга эга бўлган нодавлат тиббиёт ташкилотлари фаолиятида муолажалардан кейинги нохуш ҳолатлар учрамаган. Ҳуқуқ-тартибот идораларига келиб тушаётган мурожаатлар асосан лицензия ва дипломсиз фаолият юритаётган косметологлар хизмати билан боғлиқ. Аслида бу йўналишда лицензиясиз ишлаш тушунчаси сертификатланмаган маҳсулот ва тиббий анжомларни қўллаш, физиология ҳамда анатомия асосларини билмасликни англатади.
“Оддий гўзаллик салонлари ёки тиббиёт ташкилоти ҳисобланмайдиган турли косметология марказларида тегишли маълумотга эга бўлмаган шахслар тиббий косметология билан шуғулланаётгани бу муаммоларнинг бош омилидир”, - дейди Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Улуғбек Сабиров.
Хабарда таъкидланишича, улар тегишли ҳужжатлар асосида косметология хизматини кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиб, фаолият олиб бораётган фуқаролар ҳисобланади.
“Ушбу косметологлар шифокор бўлмаганликлари учун уларнинг фаолиятини назорат қилиш соғлиқни сақлаш органларининг ваколатида эмас. Шу боис, мазкур йўналишдаги ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Тиббий косметологик хизматлар кўрсатиш тартиби тўғридаги низом” ва уни тасдиқлаш ҳақидаги буйруқ ишлаб чиқилган. Бу ҳужжат асосида давлат тиббиёт муассасалари томонидан алоҳида тиббий косметологик хизматлар кўрсатиш тартиби ҳамда шифокор-косметологларга қўйилган талаблар белгиланган”, - дейилади хабарда.
Тиббий косметологик хизматдан фойдаланмоқчи бўлган фуқароларга тегишли давлат тиббиёт муассасаси ёки шу ихтисослик бўйича тиббий фаолиятга лицензия олган нодавлат тиббиёт ташкилотларига мурожаат қилиш тавсия этилади.
Мавзуга оид
12:05 / 09.08.2025
Инсон соғлиғига хавф туғдирадиган ҳолатларда текширувни хабардор қилиш тартибида амалга ошириш мумкин – бизнес омбудсман
13:20 / 03.08.2025
“Операцияларни тиббий маълумотсиз “мутахассислар” қиляпти” – Ўзбекистонда косметология нега назоратсиз?
22:33 / 17.07.2025
“Ёшартирувчи муолажа” — вақтинчалик таскин: тери саломатлиги аслида нимага боғлиқ?
15:43 / 20.01.2025