Ўзбекистон | 14:19 / 26.08.2025
3165
2 дақиқада ўқилади

Кафолатлар берувчи ташкилотлар фаолияти тартиби тасдиқланди

Марказий банк бошқаруви қарори билан Кафолатлар бериш ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва тартибга солиш тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Фото: iStock

Ушбу ҳужжат жисмоний ва юридик шахсларнинг кредит ташкилотлари олдидаги мажбуриятлари бўйича кафолат беришни профессионал тарзда амалга оширадиган юридик шахслар фаолиятини тартибга солиш тартибини белгилайди. Низом кафолат бериш тизимидаги молиявий хатарларни камайтириш, ушбу ташкилотлар фаолиятининг ошкоралиги, барқарорлиги ва ишончлилигини таъминлашга қаратилган.

Ҳужжатнинг асосий қоидалари:

  • Кафолат берувчи ташкилотлар қонун ҳужжатларида назарда тутилган доирада кафолат бериш, кредит ташкилотларига молиявий ресурслар тақдим этиш ва бошқа хизматларни профессионал асосда кўрсатиш ҳуқуқига эга;
  • хатарларни бошқариш бўйича минимал талаблар белгиланган, жумладан:
  • молиявий ресурслар ва кафолат портфелини мунтазам таҳлил қилиш,
  • ички меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш,
  • ички назорат ва аудит тизимини ташкил этиш;
  • активларни таваккалчилик даражасига қараб тоифалаш тизими жорий этилган: “стандарт”дан “умидсиз”гача бўлган тоифалар билан. Бу асосда эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун резервлар шакллантирилади;
  • ташкилотлар белгиланган муддатларда Марказий банкка ҳисобот тақдим этиши шарт. Йиллик молиявий ҳисобот мажбурий тарзда ташқи аудитдан ўтказилиши ва ошкора эълон қилиниши лозим.

Пруденциал нормативлар жорий этилди:

  • капитал етарлилик коэффициенти – камида 10 фоиз;
  • ликвидликни қоплаш коэффициенти – камида 100 фоиз;
  • битта қарз олувчи ва боғлиқ томонлар учун максимал таваккалчилик даражаси бўйича чекловлар;
  • бошқа юридик шахсларнинг устав фондларига инвестициялар учун лимит - ўз капиталининг 20 фоизидан ошмаслиги керак.
Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид