Жаҳон | 23:16 / 27.08.2025
6055
2 дақиқада ўқилади

Хитойда биринчи марта одамга чўчқа ўпкаси кўчириб ўтказилди

Операциядан сўнг ўпка 216 соат (тўққиз кун) давомида ўткир рад этиш ёки инфекция белгиларисиз ҳаётчанлигини сақлаб қолди.

Фото: Nature Medicine

Хитойлик олимлар дунёда биринчи бўлиб чўчқа ўпкасини одамга кўчириб ўтказди, деб хабар беради Nature Medicine.

Тажриба Гуанчжоудаги тиббиёт марказида ўтказилди. Ўпка қон қуйилишидан кейин мияси ўлган 39 ёшли реципиент эркакка трансплантация қилинди. Ушбу шарт шифокорларга ахлоқ меъёрларини бузмаслик ва реал вазиятга максимал даражада яқин бўлган шароитларда қимматли маълумотларни олиш имконини берди.

Операциядан сўнг ўпка 216 соат (тўққиз кун) давомида ўткир рад этиш ёки инфекция белгиларисиз ҳаётчанлигини сақлаб қолди. Бироқ, трансплантациядан бир кун ўтгач, шифокорлар трансплантат дисфункциясини эслатувчи кучли шишни кузатдилар.

«Ушбу тадқиқот чўчқадан одамга ўпкани ксенотрансплантация қилиш имконияти борлигини кўрсатса-да, аъзонинг рад этилиши ва инфекция билан боғлиқ жиддий муаммолар сақланиб қолмоқда ва ушбу амалиётни клиник амалиётга жорий этиш учун қўшимча клиник олди тадқиқотлар зарур», дейилади хабарда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, тирик беморларда чўчқа ўпкасидан фойдаланишга ҳали анча бор. Ўпка кўчириб ўтказиш мураккаб жараён, чунки у ташқи муҳит билан алоқада бўлади ва органнинг иммун тизими бунга жуда сезгир.

Олимларнинг эътироф этишича, бу усул такомиллаштиришни талаб қилади: трансплантация хавфсиз бўлиши учун генетик модификациялар, органларни сақлаш усуллари ва иммунитет реакциясини бостириш схемаларини такомиллаштириш керак.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид