Жаҳон | 10:02 / 02.09.2025
11626
5 дақиқада ўқилади

Абу Убайда ҳам Исроил зарбаси оқибатида ҳалок бўлди

Шанба куни Ғазо шаҳрига берилган зарбадан сўнг Исроил Ҳамаснинг «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» ҳарбий қаноти спикери Абу Убайда ўлдирилганини эълон қилди. У қарийб йигирма йил давомида гуруҳ номидан баёнот бериб келаётганди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац Исроил армияси ва разведкасини «бенуқсон» операция билан табриклади. У тадбир қачон ва қаерда ўтказилгани ҳақида батафсил маълумот бермаган, бироқ Исроил мудофаа кучлари аввалроқ ўз самолётлари шанба куни Ғазо шаҳрининг Ал-Римал туманида «асосий террорчи»га ҳужум қилганини маълум қилган, шундан сўнг ОАВ нишон Убайда бўлгани ҳақида хабар берган.

Ҳамас унинг ўлимини расман тасдиқламади, бироқ Исроилнинг Ғазо шаҳридаги турар жой биносига берган зарбалари оқибатида ўнлаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлгани ва яраланганини маълум қилди.

Якшанба куни Кац Убайданинг бошқа кўплаб «жиноий шериклари» «Ғазодаги кампаниянинг кучайиши» муносабати билан нишонга олиниши ҳақида огоҳлантирди, бу Исроил томонидан Ғазо шаҳрини эгаллаш режасини назарда тутади.

ЦАҲАЛ ва Исроилнинг Шин-Бет махсус хизмати Абу Убайда нишонга олинган шанба кунги зарбалар ҳақида батафсилроқ маълумот берди.

Қўшма баёнотда улар операция «Убайданинг яширинган жойини аниқлаган [Шин-Бет] ва ЦАҲАЛ разведка бошқармаси томонидан тўпланган разведка маълумотлари шарофати билан ўтказилгани»ни айтишди.

Бешта ракета бир вақтнинг ўзида икки хил йўналишдан олти қаватли турар жой биносининг иккинчи ва учинчи қаватларига учиб борган.

Ҳужумга учраган квартирадан стоматология хонаси сифатида фойдаланилган. Гувоҳлар зарба натижасида ҳавога юз минглаб долларлик банкнотлар сочилиб кетганини айтишган. Хабар қилинишича, катта миқдордаги пуллар атрофдаги аҳоли томонидан талон-торож қилинган, бироқ кейинчалик Ҳамас пулларни қайтариб олган.

Абу Убайда тахаллуси билан машҳур бўлган Ҳутайф ал-Каҳлутнинг ўлдирилиши гуруҳ учун жиддий рамзий зарба ҳисобланади.

Доим юзини ниқоблаган ҳолда кўриниш берган, Исроил ва оккупацияга қарши чиқишлари билан танилган Абу Убайда Ҳамас ҳарбий қанотининг Ғазода омон қолган сўнгги машҳур шахсларидан бири ва бутун Яқин Шарқ бўйлаб Ҳамас тарафдорларининг кумири эди.

Исроил мудофаа армияси ва Шин-Бетнинг қўшма баёнотида ҳам Убайда «Ҳамас террорчилик ташкилотининг таниқли шахси бўлгани» ва «Ҳамас ташвиқоти билан шуғуллангани» айтилган.

Тахминан 40 ёшларда бўлган Абу Убайда жума куни сўнгги нутқида гаровга олинган қолган исроилликларнинг тақдири Ҳамас жангчилари тақдири билан бир хил бўлишини айтган ва Исроилни Ғазо шаҳрига режалаштирилган босқин оқибатларидан огоҳлантирди.

Шанба куни Ҳамас ЦАҲАЛни Ғазо шаҳрининг аҳоли зич жойлашган Ал-Римал туманидаги турар жой биносига зарба беришда айблади.

Маҳаллий журналистлар хабар беришича, зарба оқибатида камида етти киши ҳалок бўлган, 20 киши, жумладан, болалар жароҳатланган.

ЦАҲАЛнинг таъкидлашича, ҳужумдан олдин «тинч аҳолига зарар етказиш эҳтимолини камайтириш учун бир қатор чоралар кўрилган, жумладан, юқори аниқликдаги қуроллардан фойдаланиш, ҳаво кузатуви ва қўшимча разведка маълумотлари».

Август ойи бошида Исроил Вазирлар Маҳкамаси 22 ойлик урушни якунлаш мақсадида янги ҳужум давомида Ғазо шаҳри устидан назоратни қўлга олиш режасини маъқуллаганди.

Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий амалиёти 7 октябр куни Ҳамас томонидан уюштирилган ҳужумга (бу ҳужум оқибатида 1200 га яқин одам ҳалок бўлган, 251 киши гаровга олинган) жавобан бошланганди. Ўшандан бери, Ғазодаги соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 63 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган.

Ғазо шаҳрини эгаллаш операцияси ҳали тўлиқ бошланмаган бўлса-да, Исроилнинг бир миллионга яқин аҳолиси бўлган шаҳарга ҳужумлари давом этмоқда.

Исроил ҳарбийлари қўшин киритилгунга қадар Ғазо шаҳрининг барча аҳолисини эвакуация қилиш ва жанубдаги бошпаналарга кўчиришни режалаштираётганини айтди.

Ҳисоб-китобларга кўра, шаҳардаги уйларнинг 90 фоиздан ортиғи шикастланган ёки вайрон бўлган, соғлиқни сақлаш, сув таъминоти, санитария ва гигиена тизимлари ишдан чиққан.

Ўтган ҳафта Ғазо шаҳри ва унинг атрофида очарчилик мавжудлиги биринчи марта тасдиқланди.

Ғазо шаҳрини эгаллаш операцияси ҳали тўлиқ бошланмаган бўлса-да, Исроилнинг бир миллионга яқин аҳолиси бўлган шаҳарга ҳужумлари давом этмоқда.

Исроил ҳарбийлари қўшин киритилгунга қадар Ғазо шаҳрининг барча аҳолисини эвакуация қилиш ва жанубдаги бошпаналарга кўчиришни режалаштираётганини айтишган.

Ҳисоб-китобларга кўра, шаҳардаги уйларнинг 90 фоиздан ортиғи шикастланган ёки вайрон бўлган, соғлиқни сақлаш, сув таъминоти, санитария ва гигиена тизимлари ишдан чиққан.

Ўтган ҳафта Ғазо шаҳри ва унинг атрофида очарчилик мавжудлиги биринчи марта тасдиқланди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид