Жаҳон | 20:32 / 03.09.2025
3773
2 дақиқада ўқилади

Хитой Туркманистоннинг энг йирик газ конини ўзлаштиришда ёрдамлашади

Хитой дунёдаги энг йирик газ конларидан бири «Галқиниш»ни ўзлаштириш бўйича тендерда ғолиб бўлди.

Фото: turkmenistan.gov.tm

Хитой Туркманистондаги «Галқиниш» газ конининг тўртинчи навбатини ўзлаштириш бўйича халқаро тендерда ғолиб чиқди. Бу ҳақда мамлакат президенти Сердар Бердимуҳамедов Пекинда Хитой раиси Си Жинпинг билан бўлган учрашувда маълум қилди.

Бердимуҳамедов сўзларига кўра, Туркманистон ва Хитой ўртасида газ соҳасидаги ҳамкорликнинг асосий тамойиллари тўғрисидаги бош келишув лойиҳаси тайёрланган. Айнан шу ҳужжат асосида энергетика соҳасидаги шериклик янада ривожлантирилади.

Си Жинпинг ўз навбатида, «Галқиниш»ни ўзлаштириш ва Туркманистон газини етказиб беришда иштирок этиш Хитой учун катта шараф эканини таъкидлаб, хитойлик ҳамкорларга яратилаётган шароитлар учун миннатдорлик билдирди.

Туркманистон томони газ саноати икки томонлама ҳамкорликда стратегик ўрин тутишини таъкидлади. «Туркманистон - Хитой» газ қувури 15 йилдан ортиқ вақтдан бери ишлаб келмоқда ва томонлар уни янада кенгайтиришни мақсад қилган.

Туркманистондаги «Галқиниш» кони дунёдаги энг йирик конлардан бири ҳисобланади: унинг қўшни тузилмалар билан биргаликдаги умумий захиралари 27,4 триллион куб метр газга баҳоланмоқда. GaffneyCline компанияси маълумотларига кўра, фақат коннинг ўзида захиралар 20 триллион кубометрдан ошади, маҳсулдор қатламларнинг қалинлиги 600 метрдан ортиқ.

«Галқиниш»ни ўзлаштириш 2013 йилда бошланган бўлиб, 7 босқичи кўзда тутилган. Ҳозир биринчиси ишламоқда, 52 та қудуқ фойдаланилмоқда, яна 10 га яқин қудуқ қазилмоқда. Қудуқнинг ўртача дебити суткасига 1,5 млн кубометр, бир қатор объектлар бўйича эса 3 млн. Ҳар бир босқич бўйича доимий қазиб олишнинг тахминий муддати 30 йилдан ошади ва салоҳияти йилига 200 миллиард куб метргача етади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид