Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хитойдаги учрашувлардан Ғарб ташвишда. Ўзбекистоннинг қарашлари қандай?
Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилоти – Хитойнинг ҳам геосиёсий, ҳам иқтисодий, ҳам хавфсизлик манфаатларини ўзида бирлаштирган энг катта лойиҳаси. Дунёнинг иккинчи қудратига айланган Пекин АҚШ бошчилигидаги Ғарбга муқобил ўз клубини шакллантиришга эришди.
Сўнгги кунларда дунёнинг, айниқса, Ғарб давлатларининг нигоҳи Хитой Халқ Республикасида бўлди. Хитойдаги ёки унинг иштирокидаги ҳар қандай икки тарафлама, минтақавий ёки кўп тарафлама учрашувларни айниқса АҚШ алоҳида синчиковлик ва рашк билан кузатади. Сабаби оддий. Совуқ уруш тугаб, СССР қулагач, маълум муддат дунёда бир қутблилик ҳукм сурди. Вашингтоннинг айтгани айтган, дегани деган бўлди. Бу вақтда АҚШни тийиб турувчи, сўроққа тутувчи на давлат бўлмади, на халқаро ташкилот. Бироқ бу вазият у қадар кўп чўзилмади. 2000-йилларга келиб, АҚШнинг глобал ҳокимияти аста-секинлик билан, лекин сезиларли даражада қисқариб бошлади.
Айниқса, 2008-2009 йилларда юз берган молиявий-иқтисодий инқироз, Афғонистон ва Ироқдаги муваффақиятсизликлар фонида АҚШнинг глобал ҳокимияти торайиб бошлади. Ҳозир ҳам АҚШ дунёнинг энг катта иқтисодиёти ва ҳарбий қудрати. Масала шундаки, бугун АҚШ тезда заифлашмаяпти, балки бошқа давлатлар тезроқ ривожланмоқда ва шунинг ҳисобига АҚШнинг иқтисодий ва ҳарбий қудрат улуши торайиб бормоқда.
Хитой Халқ Республикаси – дунёда кўп қутблиликнинг энг марказий ижрочи давлати ҳисобланади. Расмий Пекин – бугун дунёнинг иккинчи иқтисодий ва ҳарбий қудрати ҳисобланади. Шу сабаб, Пекин иштирокидаги ҳар қандай халқаро форум – Ғарбнинг алоҳида эътиборида бўлади. Айниқса, АҚШ ҳокимиятида Трамп бўлган, Вашингтоннинг яқин қўшнилари, асосий иқтисодий ҳамкорлари ва анъанавий инттифоқчилари билан муносабатлари чуқур инқироз остида бўлган бугунги кунда расмий Пекиннинг ҳар қандай ташаббуси, лойиҳалари – дунё тартиботини ўзгартириш призмаси орқали қабул қилинади.
Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилоти бугун у ёки бу шаклда 34 давлатни бирлаштиради. 10 давлат тўлақонли аъзо, яна 14 давлат диалог бўйича ҳамкорлар, 2 давлат кузатувчи мақомида ва яна 8 давлат кузатувчилик мақомини олиш учун ариза берган. Жами – 34 давлат. ШҲТга аъзо давлатларнинг умумий аҳолиси 3,5 миллиардни, яъни дунё аҳолисининг салкам ярмини ташкил қилади. ШҲТга аъзо давлатларнинг умумий иқтисодий салоҳияти – дунё ялпи ички маҳсулотининг чорак қисмидан кўпроғига тенг.
ШҲТ – хавфсизлик, иқтисодий, ижтимоий соҳаларда давлатлар тафаккури ва фикрлашини йўналтирувчи ташкилот ҳисобланади. ШҲТ – ҳарбий блок эмас, лекин давлатнинг сиёсатини белгилаб беришда муҳим клуб ролини ўйнамоқда.
Хитойда бўлаётган ШҲТ саммитида кўплаб муҳим воқеалар юз берди. Кейинги 7 йилда биринчи марта Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ХХРга келди. Бугун АҚШнинг “иттифоқчиси” кўриладиган Ҳиндистон бош вазирининг Пекинга келиши бежиз эмас. Ҳиндистон Трампнинг 50 фоизлик божларидан қаттиқ норози. Моди Трампдан аразлаган. Шу сабаб у Си Жинпинг билан муносабатларни нормаллаштириш ҳаракатида. Лекин барибир ХХР ва Ҳиндистон ўртасидаги стратегик рақобат руҳияти сақланиб қолаверади.
Бу саммитдаги муҳим янгиликлардан бири – Покистоннинг Арманистон билан дипломатик алоқалар ўрнатишга тайёр экани бўлди. Собиқ иттифоқ қулаганига 34 йил бўляпти, бироқ Покистон ҳалига қадар Арманистонни тан олмаган эди. Сабаби – Озарбойжонга тегишли Қорабоғнинг Арманистон томонидан босиб олингани эди. Лекин кейинги йилларда вазият кескин ўзгармоқда: Қорабоғ Озарбайжонга қайтди, яқинда Озарбойжон ва Арманистон тинчлик келишуви бўйича меморандум имзолашди. Ва Покистон ҳам Арманистон билан муносабатларни яхшилаш ниятида.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитойда бирйўла тўртта тадбирларда иштирок этди. Биринчиси – Ўзбекистон-ХХР икки тарафлама музокаралари. Иккинчиси – ШҲТ давлат раҳбарлари саммити. Учинчиси – ШҲТ плюс форматидаги кенгайтирилган саммит. Тўртинчиси эса – Иккинчи жаҳон уруши тугаганининг 80 йиллиги муносабати билан ташкил қилинган ҳарбий парад.
Шавкат Мирзиёев ўзининг чиқишларида ШҲТнинг тарихий миссияси ва ташкилот олдида турган вазифаларга тўхталди, кўплаб янги ташаббусларни илгари сурди. Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси Афғонистондаги ва Фаластиннинг Ғазо секторидаги ўта оғир вазиятга эътибор қаратди. Президент Мирзиёев иккинчи жаҳон уруши ҳақида сўз юритар экан, бугун яна дунё давлатлари орасида ўзаро ишонч ва ҳамкорликдан кўра, ишончсизлик ва рақобат руҳияти устун келаётганини таъкидлади.
ШҲТ бугун дунёда глобал ўзгаришларни амалга ошираётган ташкилот сифатида шаклланиб бўлди. Бу ташкилотни Марказий Осиёсиз тасаввур қилиш қийин, Марказий Осиёнинг географик, тарихий ва геосиёсий энг марказий давлати – Ўзбекистон ҳисобланади. Ўзбекистон бугун кўп векторли ва тенг векторли сиёсат юритар экан, минтақавий ва глобал хавфсизлик ва тараққиёт бобида ШҲТнинг ривожланиш векторини белгилашда салмоқли рол ўйнаётган давлатдир.
Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос
Мавзуга оид
12:46 / 14.11.2025
ШҲТ доирасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича битим Ўзбекистонда тасдиқланди
14:22 / 11.10.2025
“МДҲ интеграция учун эмас, тартибли ажралиш учун тузилганди” – сиёсатшунос
07:42 / 02.10.2025
Машинистнинг чорак аср оралиғида олинган сурати Хитой темирйўлларидаги ўзгаришни кўрсатди
22:45 / 29.09.2025