Жаҳон | 20:28 / 04.09.2025
6249
2 дақиқада ўқилади

Италиялик модельер Жоржо Армани вафот этди

Машҳур мода қироли 91 ёшида ҳаётдан кўз юмди.

Фото: Getty images

Италиялик машҳур модельер ва тадбиркор Жоржо Армани вафот этди, деб хабар берди La Repubblica газетаси Armani компанияси баёнотига таяниб. У 91 ёшда эди.

«Armani Group ўз асосчиси ва толмас ҳаракатлантирувчи кучи Жоржо Армани вафот этганини чуқур қайғу билан эълон қилади», дейилади компания баёнотида.

Armani Group’да таъкидланишича, модельер яқинлари қуршовида вафот этган. Унинг ўлими сабаблари келтирилмаган. Июн ойида у соғлиғи ёмонлашгани сабабли фаолиятида биринчи марта Миландаги эркаклар мода ҳафталигида иштирок этолмаган эди.

Модельер билан хайрлашув 6-7 сентябр кунлари Миланда бўлиб ўтади, шундан сўнг хусусий дафн маросими ўтказилади. Дафн санаси маълум қилинмаган.

Мода қироли деб аталган Жоржо Армани ўз фаолиятини 1960-йилларда италиялик модельер Нино Черуттига ёрдамчи сифатида бошлаган. 1974 йилда Армани биринчи марта ўз номи билан тўпламни тақдим этди. Кейинги йилнинг ўзидаёқ у дўсти, архитектор Сержио Галеотти билан биргаликда бутун дунёга машҳур бўлган Армани модалар уйига асос солди. Ҳозиргача Армани йирик ҳолдинглар таркибига кирмаган камсонли мода уйларидан бири бўлиб қолмоқда.

«У тиним билмай, сўнгги кунларгача ишлади, ўзини компанияга, унинг коллекцияларига ва турли хил ва доимий ўзгарувчан лойиҳаларга бағишлади», дейилади компания баёнотида.

Жоржо Армани ўзи асос солган Armani Group компаниясининг ягона акциядори эди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид