Таълим | 12:08 / 05.09.2025
6221
2 дақиқада ўқилади

Навоий вилоятида мактаб битирувчиларининг ярми талаба бўлди

Мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириши бўйича энг юқори кўрсаткич Навоий вилоятида қайд этилди – 48,4 фоиз. Кейинги ўринларни 38,2 фоиз билан Бухоро вилояти ҳамда 32,4 фоиз билан Жиззах вилояти эгаллади. Бу кўрсаткич республика бўйича 25,8 фоизга тенг.

Жорий йилда республика бўйича 113 176 нафар мактаб битирувчиси давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бу борадаги рейтингларни эълон қилди.

Маълум қилинишича, 2025 йилда республикада 438 869 нафар ўқувчи мактабни битирган. Уларнинг 327 673 нафари тест синовларида иштирок этган. Шундан 113 176 нафари, яъни 25,8 фоизи талабага айланган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 3,5 фоизга ошган.

Ҳудудлар кесимида Навоий вилояти етакчилик қилган: тест синовларида қатнашган битирувчиларнинг қарийб ярми, яъни 48,4 фоизи ўқишга кирган. Кейинги ўринларни 38,2 фоиз билан Бухоро вилояти ҳамда 32,4 фоиз билан Жиззах вилояти эгаллаган.

2025 йилда олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари бўйича ўртача балл 80,9 баллни ташкил қилган. Бу ўтган йилга нисбатан 2,9 баллга юқори. Ушбу кўрсаткич 2020 йилда 69,8 баллга тенг бўлган.

Ҳудудлар кесимида ўртача балл бўйича юқори учлик қуйидагича: Бухоро вилоятида 96 балл, Навоий вилоятида 93,2 балл ва Тошкент шаҳрида 83 балл.

Шунингдек, 2025 йилда 619 нафар битирувчи тест синовларида энг юқори 189 баллни тўплай олган. Бу ўтган йилга қараганда 5 баробарга кўп. Давлат гранти квотасининг 84,2 фоизини (29 881 нафар) жорий йил битирувчилари эгаллаган.

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид