Жаҳон | 11:32 / 05.09.2025
3283
2 дақиқада ўқилади

Трамп европаликларни Украинадаги урушни молиялаштиришда айблади

Европа етакчилари билан видеоконференция чоғида АҚШ президенти уларни Россия нефтини харид қилишни тўхтатишга ва бу борада Хитойга босим ўтказишга чақирди.

Фото: REUTERS

АҚШ президенти Доналд Трамп 4 сентябр куни Европа етакчилари билан видеоконференция чоғида уларни Россия нефтини сотиб олиш орқали Украинадаги «урушни молиялаштираётганликда» айблади ва Москвани ушбу даромад манбайидан узиб қўйишга, шунингдек, бу борада Хитойга босим ўтказишга чақирди. Бу ҳақда Американинг Axios интернет нашри ва CNN телеканали Оқ уйдаги манбага таяниб, 5 сентябр, жумага ўтар кечаси хабар берди.

CNN'нинг аниқлик киритишича, Трампнинг изоҳлари Украинани Россияга қарши мудофаа урушида қўллаб-қувватлашни давом эттириш ниятида бўлган бир қатор Европа давлатлари, шунингдек, Украина президенти Володимир Зеленский иштирокидаги «кўнгиллилар коалицияси» музокаралари чоғида билдирилган. Франция президенти Эммануэл Макрон ва бошқа Европа етакчилари Трампдан ушбу видеоконференцияга қўшилишни сўради, дейилади хабарда.

Axios журналистларининг эслатишича, Украинада кенг миқёсли уруш бошланганидан кейин Европа давлатлари Россиядан энергия сотиб олишни кескин қисқартирган. Бироқ таҳририятнинг Оқ уйдаги манбасига кўра, «бир йил ичида Россия Европа Иттифоқидан ёнилғи сотиш орқали 1,1 миллиард евро олган».

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид