Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Bloomberg: ЕИ Россиянинг Украинага янги ҳужумидан хавотирда
Киевнинг иттифоқчилари Россия Украинада янги ҳужум бошлашидан хавотирда ва Вашингтондан Россияга қарши санкцияларни кучайтиришни сўраш ниятида, деб ёзади Bloomberg манбаларга таяниб.
Фото: Ludovic Marin/AFP
Европа етакчилари Украина президенти Володимир Зеленский билан ўз мамлакати учун хавфсизлик кафолатларини муҳокама қилиш учун учрашув чоғида Россиянинг Украинага янги ҳужуми эҳтимолидан хавотир билдирди. Ўтган ҳафта Тулонда бўлиб ўтган Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Германия ва Франция расмийлари Донецк вилояти шарқидаги Покровск яқинида рус қўшинлари тўпланаётгани масаласини муҳокама қилди, деб хабар берди Bloomberg агентлиги манбаларга таяниб.
Ўтган ҳафта Зеленскийнинг ўзи айтганидек, Россия 100 мингга яқин аскарини Покровск ташқарисидаги фронтга кўчирди, деб ёзади агентлик. Россия қўшинлари бир йилдан ортиқ вақт давомида шаҳарни ўраб олишга ва эгаллашга уринмоқда. «Покровскнинг қўлга олиниши Россиянинг Краматорск ва Славянск каби йирик шаҳарларга ҳужуми учун йўл очади, чунки Москва бутун Донецк вилояти устидан назорат ўрнатишга ҳаракат қилмоқда», деб тушунтиради Bloomberg.
«Россиянинг ёзги машаққатли ҳужуми ҳозирча Кремл учун муҳим ҳудудий ютуқлар олиб келмади. Москва қўшинлари секин-секин олға силжиб, май ва август ойлари орасида 2033 квадрат километр ёки Украина умумий ҳудудининг 0,3 фоизини эгаллаб олди», дейилади мақолада.