Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Янги авлод» мактабгача таълим ташкилотлари тармоғи ташкил этилади
Президент ҳузурида таълим тизимини ислоҳ қилиш масалалари кўриб чиқилди. Янги кўп қаватли уйлар қурилишида аҳоли сонига мос боғчалар ҳам бўлиши назарда тутилади. Бауман номидаги Москва давлат техника университетининг Тошкент филиали, «ToshTech» техника университети ва Олмалиқ давлат техника институти очилади. Абдулла Авлоний номидаги давлат стипендияси таъсис этилади.
Президент Шавкат Мирзиёев 8 сентябр куни таълим тизимини ислоҳ қилиш масалаларига оид тақдимот билан танишди.
Тақдимотда иқтидорли болаларга ихтисослашган билим бериш, ёшларнинг қизиқишларини қўллаб-қувватлаш, касбга йўналтириш борасидаги режалар ва уларни амалга ошириш чора-тадбирлари баён қилинди.
Қайд қилинишича, ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларнинг иқтидори ва интилишини юзага чиқариш бўйича ягона вертикал тизим жорий этилади. Шу мақсадда «Баркамол авлод» болалар мактаби, Республика ўқувчи-ёшлар маркази ҳамда «Ëшлик» жисмоний тарбия ва спорт жамияти негизида «Келажак» марказлари ташкил этилади. Ўқувчиларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича мактаб маслаҳатчиси лавозими жорий қилинади.
Боғчалар қамровини ошириш мақсадида ҳар йили 20 минг ўрин очиш режалаштирилган. Бунинг учун янги кўп қаватли уйлар қурилишида улардаги аҳоли сонига мутаносиб мактабгача таълим ташкилоти ҳам бўлиши назарда тутилади. Боғчаларда ишлаётган ўрта махсус маълумотли мутахассислар учун дуал таълим ва малака ошириш тизими жорий этилади.

Мактабгача таълим қамрови 80 фоиздан паст бўлган туман ва шаҳарларда хусусий сектор иштироки қўллаб-қувватланади. Хусусан, боғча ва мактабларнинг бўш майдонларида давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим ташкилоти қуришга рухсат этилади. Тадбиркорларга фаолиятни ўзгартирмаслик шарти билан ер участкалари бепул берилади ҳамда 7 йилгача бўлган имтиёзли кредит ажратилади.
2026-2028 йилларда республиканинг 14 та ҳудудида Болаларни ривожлантириш инновацион марказини ўз ичига олган «Янги авлод» мактабгача таълим ташкилотлари тармоғи ташкил этилади.
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида 14 та ҳудудда муҳандислик мактаблари ташкил этилади. Ушбу мактабларга болалар имтиҳон асосида саралаб олинади ва давлат бюджети ҳисобидан ўқитилади. Уларда «Янги Ўзбекистон» университети ва Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактаб тажрибаси асосида муҳандислик таълим дастури жорий қилинади. Ўқув жараёни 5 йиллик дастур асосида STEM модели бўйича ташкил этилади.
2026 йилдан бошлаб, ҳар йили умумтаълим мактаблари ўртасида президент соврини учун «Илғор муҳандислик мактаби» миллий танлови ўтказилади.
Шунингдек, табиий фанларни ўқитишни яхшилаш мақсадида барча ҳудудларда ихтисослаштирилган мактаблар ташкил қилинади. Тошкент шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги мактаб бу йўналишда таянч мактаб сифатида хизмат қилади.
Тошкент шаҳрида М.Э.Бауман номидаги Москва давлат техника университети филиали, «ToshTech» техника университети ҳамда Олмалиқ давлат техника институти очилади.
Жорий ўқув йилидан бошлаб, педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларининг талабалари учун Абдулла Авлоний номидаги давлат стипендияси таъсис этилади. Стипендия бакалавриатнинг 3-4-курслари учун мўлжалланган бўлади, ёшларни ўқиш ва илмий изланишларга ундайди.
Олий таълимдан кейинги таълим тизимида илмий даражали кадрларни тайёрлаш тартиблари такомиллаштирилади. Жумладан, докторантурага ажратилаётган квоталар мамлакатни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан келиб чиқиб белгиланади.
Фанлар академиясининг республикада истиқболли илмий йўналишларни ривожлантириш, фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни амалга ошириш, илмий ишланма натижаларини амалиётга татбиқ этишдаги ўрни кучайтирилади.
Давлат раҳбари билдирилган таклифларни маъқуллаб, тегишли ҳужжатларни имзолади. Улардаги вазифалар ижросини тизимли ва сифатли таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Мавзуга оид
15:13 / 15.06.2026
Наманганда таълим тизими мансабдори тезкор тадбирда қўлга олинди
11:10 / 08.06.2026
Нодавлат таълим муассасалари қонунбузилиш хавфи бўйича баҳоланади
13:43 / 02.06.2026
“Давлат мактабларининг асосий вазифаси болаларни маълум вақт ушлаб туриш бўлиб қолди” – Ҳамид Содиқ
08:38 / 02.06.2026