Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроил Қатарда Ҳамас раҳбариятига зарба берди. Асосий маълумотлар
Исроил Қатар пойтахти Доҳага бир неча бор зарба берди. Зарбалар нишони Ҳамас раҳбарияти вакиллари бўлган. Қатар буни халқаро ҳуқуқнинг бузилиши деб атади. Бу Исроилнинг Қатар ҳудудига илк бор зарба бериши бўлди.
Ibraheem Abu Mustafa/Reuters
Фаластинликлар гуруҳи беш нафар аъзоси, жумладан, Ҳамаснинг Ғазо секторидаги раҳбари Халил ал-Ҳайянинг ўғли ҳалок бўлганини, аммо раҳбарият аъзолари омон қолганини маълум қилган. Шу билан бирга, Ҳамас етакчиларининг ўзи ҳозирча баёнот беришмади.
Қатар АҚШнинг Яқин Шарқдаги муҳим иттифоқчиси ҳисобланади. Шу билан бирга, у 10 йилдан ортиқ вақт давомида Ҳамаснинг сиёсий раҳбариятига бошпана бериб келмоқда ва Вашингтон билан биргаликда Ғазодаги урушни тинч йўл билан ҳал қилишга уринишда воситачилик ролини бажармоқда.
Нималар бўлди?
Сешанба куни Қатар пойтахти Доҳада бир нечта портлаш овозлари эшитилди ва шаҳар узра қора тутун кўтарилди.
Исроил мудофаа кучлари 7 октябр куни Исроилга уюштирилган ҳужумлар учун бевосита жавобгар бўлган Ҳамас раҳбариятига зарба берганини маълум қилди. Амалиёт Исроил хавфсизлик ва контрразведка хизмати (ШАБАК) билан ҳамкорликда ўтказилган.
«Зарба беришдан олдин тинч аҳоли орасида зарарни минималлаштириш, жумладан, юқори аниқликдаги қуроллар ва қўшимча разведка маълумотларидан фойдаланиш чоралари кўрилди», – дейилади баёнотда.
Кейинроқ Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу Доҳага зарба берилганини тасдиқлаб, уни Исроилнинг «мустақил операцияси» деб атади.
«Ҳамас террорчилик ташкилоти етакчиларига қарши бугунги ҳаракатлар Исроилнинг тўлиқ мустақил операцияси эди. Уни Исроил бошлади, Исроил амалга оширди ва Исроил тўлиқ масъулиятни ўз зиммасига олади», – дейди Нетаняҳу.
ОАВ маълумотига кўра, Исроил зарба ҳақида Қатар ҳукумати ва АҚШни хабардор қилган. Исроилнинг 12-канали маълумотларига кўра, Трамп операцияни ўтказиш учун «яшил чироқ» ёққан. Қатар ТИВ вакили эса мамлакат олдиндан огоҳлантирилмаганини айтди.
Ҳамасдаги юқори мартабали манбанинг Al Jazeera телеканалига маълум қилишича, ҳаракат етакчилари Доҳада АҚШ президенти Доналд Трампнинг Ғазода ўт очишни тўхтатиш таклифи муҳокама қилишга йиғилганида ҳужумга учраган.
Икки кун олдин Трамп гуруҳга «сўнгги огоҳлантириш» берганди.
«Мен Ҳамасни [келишувдан] воз кечиш оқибатлари ҳақида огоҳлантирдим, – деб ёзди Трамп ўзининг Truth Social платформасида. – Бу менинг охирги огоҳлантиришим, бошқача бўлмайди!»

Исроил операциясининг нишони ким эди?
Ҳамас етакчиларининг тақдири ҳозирча номаълум.
Исроил оммавий ахборот воситалари хабар беришича, ўлдирилганлар орасида ҳаракатнинг хорижий қаноти раҳбари Холид Машаал ҳам бор. Исроил уни ўлдиришга 1997 йилда ҳам ҳаракат қилган, аммо Иорданиядаги амалиёт муваффақиятсизликка учраганди.
Times of Israel араб нашрларига таяниб ёзишича, зарба берилган штаб-квартирада Ҳамаснинг Ғазодаги етакчиси, ташкилотнинг бош музокарачиси ва Ғазо секторида сулҳ бўйича музокаралар иштирокчиси Халил ал-Ҳайя ҳам бўлган. Шу билан бирга, Reuters’нинг Ҳамасдаги икки манбаси музокара гуруҳи аъзолари омон қолганини даъво қилмоқда.
Бундан ташқари, штаб-квартирада ташкилотнинг Ғарбий соҳилдаги раҳбари Зоҳир Жабарин ва Ҳамас Шўро (кенгаши) раҳбари Муҳаммад Дарвеш ҳам бор эди.
Ҳамас сиёсий бюроси аъзоси Суҳайл ал-Ҳиндийнинг Al Jazeera телеканалига маълум қилишича, Халил ал-Ҳайя тирик қолган, бироқ унинг ўғли Ҳумам, шунингдек, энг яқин ёрдамчиларидан бири ва эҳтимол уч нафар тансоқчиси ҳалок бўлган. У Исроил зарбаси нишони бўлган Ҳамас етакчилари соғ-саломат эканини бир неча бор такрорлаган.
Трамп бунга унинг алоқаси йўқлигини таъкидламоқда
АҚШ президенти Доналд Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги пости орқали Доҳада Ҳамас раҳбариятига зарба бериш қарори Исроил томонидан мустақил равишда қабул қилингани, у бу ҳақда америкалик ҳарбийлардан хабар топганини айтди.
«[Бу қарорни] бош вазир Нетаняҳу қабул қилган, бу менинг қарорим эмасди», – деб ёзган Трамп.
АҚШ президентининг сўзларига кўра, зарба беришга тайёргарлик кўрилаётганидан воқиф бўлгач, у ўзининг махсус вакили Стив Уиткоффга дарҳол қатарликларга хабар беришни буюрган – «лекин зарбани тўхтатишга жуда кеч бўлган».
«Қўшма Штатларнинг суверен давлати ва яқин иттифоқчиси бўлган, тинчлик музокараларида воситачилик қилиб, жуда фаол ишлайдиган ва кўп таваккалчилик қиладиган Қатар ҳудудига бир томонлама зарба бериш на Исроил, на Америка мақсадларига эришишга хизмат қилади», – деди Трамп.
«Шу билан бирга, Ғазода яшовчиларнинг азоб-уқубатларидан фойда олаётган Ҳамасни йўқ қилиш – бу муносиб мақсаддир», – дея давом этди президент.
Трампнинг ёзишича, у Қатар амири ва бош вазири билан боғланиб, уларга ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирган ва уларнинг ҳудудида бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигига ишонтирган.
Мусулмон давлатлари зарбани қоралайди, АҚШ иттифоқчисини йўқотиш хавфи остида
Қатар Ташқи ишлар вазирлиги Исроил ҳужумини қоралади.
«Қатар давлати Исроилнинг Қатар пойтахти – Доҳадаги Ҳамас сиёсий бюросининг бир неча аъзоси бўлган турар жой биноларига уюштирилган қўрқоқона ҳужумини кескин қоралайди», – деди Қатар ТИВ расмий вакили Мажид ал-Ансорий.
Саудия Арабистонининг валиаҳд шаҳзодаси ва амалдаги ҳукмдори Муҳаммад ибн Салмон Қатар амири Муҳаммад ибн Сонийга қўнғироқ қилиб, «қардош Қатар давлатини тўлиқ қўллаб-қувватлаши»ни билдирди. У Исроилнинг зарбасини «даҳшатли» жиноий ҳаракат ва халқаро қонунлар ва меъёрларнинг қўпол равишда бузилиши деб атади. Саудия Арабистони Қатарни қўллаб-қувватлаш учун «барча ресурслари»ни ва «ўз хавфсизлиги ва суверенитетини ҳимоя қилиш учун кўраётган барча чоралари»ни ишга солишга ваъда берган.
Фаластин маъмурияти раҳбари ўринбосари Ҳусайн ал-Шайх Исроилнинг зарбасини «минтақадаги барқарорликка таҳдид солиш» ва «Қатар халқаро ҳуқуқи ва суверенитетининг жиддий бузилиши» деб атади.
Туркия ТИВ Исроилнинг хатти-ҳаракатлари тинчликка эришишдан манфаатдор эмаслигини ва урушни давом эттириш ниятини кўрсатишини таъкидлади.
«Ушбу ҳолат Исроил босқинчилик сиёсати ва терроризмни давлат стратегиясининг бир қисмига айлантирганининг яққол далилидир», – дейилади вазирлик баёнотида.
Кувайт ТИВ ҳужум «барча халқаро қонунлар ва меъёрлар»ни бузаётганини маълум қилди ва «Хавфсизлик кенгашини яна бир бор халқаро хавфсизликни таъминлаш учун масъулиятни ўз зиммасига олишга чақириши»ни қўшимча қилди.
Иордания Исроилнинг тажовузкорлигини «Қатар халқи хавфсизлигига жиддий таҳдид» деб ҳисоблашини айтди. «Биз Қатардаги биродарларимиз томонидамиз ва уларни ушбу тажовузга қарши ҳар қандай ҳаракатларда тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз», – дейилади баёнотда.
Ироқ Ташқи ишлар вазирлиги ҳам зарбани қоралаб, уни «қўрқоқлик ҳаракати» деб атади ҳамда ҳар қандай тажовузга қарши туришда Қатарни «тўлиқ қўллаб-қувватлаши»ни билдирди.
Малдив ороллари президенти Муҳаммад Муиззу Исроилнинг «қўрқоқларча» ҳужумини кескин қоралаб, уни «халқаро ҳуқуқнинг жиддий бузилиши ҳамда мустақил давлат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига очиқдан-очиқ тажовуз» деб баҳолаган.
Шунингдек, Исроилнинг ҳаракатлари Ўмон, Ливан, Жазоир, Қозоғистон ва Ўзбекистон каби давлатлар томонидан қораланди.
«Ўзбекистон Республикаси Исроилнинг Доҳа шаҳридаги турар жой ҳудудига уюштирган ҳужумларини қоралайди ва буни Қатар Давлати суверенитетини бузиш, чегаралар дахлсизлиги ва хавфсизлигига тажовуз деб баҳолайди. Бундай хатти-ҳаракатлар мутлақо номақбул бўлиб, БМТ Низомини ҳамда халқаро ҳуқуқнинг асосий меъёр ва тамойилларини жиддий равишда менсимаслик ҳисобланади.
Ўзбекистон халқаро муносабатларда куч ишлатишнинг ҳар қандай кўринишига ва Яқин Шарқдаги мураккаб вазиятни янада кескинлаштирадиган қадамларга изчил равишда қарши эканини билдиради», – дейилади Ўзбекистон ТИВ баёнотида.
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳам Исроилнинг зарбаларини қоралади.
«Биз ҳозиргина Исроилнинг Қатардаги ҳужумлари ҳақида хабар топдик – бу мамлакат ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилишда жуда ижобий рол ўйнайди. Мен Қатар суверенитети ва ҳудудий яхлитлигининг бу қадар қўпол равишда бузилишини қоралайман», – деди Гутерриш ОАВ учун ўтказилган брифингда.
Европа етакчиларидан Франция президенти Исроил ҳужуми ҳақида гапирди.
«Исроилнинг Қатарга бугунги зарбаларига, уларнинг сабаблари қандай бўлишидан қатъи назар, йўл қўйиб бўлмайди. Қатар ва унинг амири шайх Тамим Ол Соний билан бирдамлигимни билдираман. Уруш ҳар қандай ҳолатда ҳам минтақага тарқалмаслиги керак», – деб ёзган у Х ижтимоий тармоғида.
Папа Лев ҳам вазиятдан хавотир билдирди.
«Жуда жиддий хабарлар келди: Исроил Қатарда Ҳамас етакчиларига ҳужум қилди. Бутун вазият ўта хавотирли», – деди понтифик.
Доҳадаги музокаралар истиқболлари
BBC мухбири Франк Гарднер таъкидлаганидек, бу келажакдаги тинчлик музокаралари ва дипломатик ташаббуслар учун хавотирли прецедентдир: «Ҳозир бир нечта асосий саволларга жавоб олиш керак. АҚШ бу ҳужум ҳақида олдиндан билармиди? Агар билсангиз, бу Қатар суверен ҳудудига ҳужум бўлганини ҳисобга олсак, бу Американинг Ал-Удейдадаги энг йирик авиабазаси фаолиятига қандай таъсир қилади? Бу АҚШнинг Форс кўрфазидаги барча араб иттифоқчилари билан муносабатларига қандай таъсир қилади? Агар 2021 йилгача АҚШ ва Толибон ўртасида музокаралар бўлиб ўтган Қатар ҳам энди хавфсиз жой бўлмаса, унда у қаерда?»
Кейинроқ Оқ уй вакили BBC’га Исроил АҚШни тайёрланаётган зарба ҳақида огоҳлантирганини тасдиқлади.
Зарбалар Исроил армияси бош штаби раҳбари хориждаги Ҳамас етакчиларига зарба беришни ваъда қилганидан икки ҳафта ўтмай йўлланган.
«Ҳамас раҳбарияти аъзоларининг кўпчилиги ташқарида ва биз уларга етиб борамиз», – деганди генерал-лейтенант Эял Замир 31 август куни.