Иқтисодиёт | 12:03 / 11.09.2025
4597
3 дақиқада ўқилади

“Сўм йил бошидан бери 3-4 фоиз мустаҳкамланди” — Тимур Ишметов

Марказий банкдаги матбуот анжуманида МБ раиси Тимур Ишметов алмашув курси ҳақида гапириб, “курснинг шаклланишида Марказий банк мақсадли кўрсаткичлари йўқ ва бунга аралашмайди”, — дея таъкидлади. Ишметовга кўра, сўм номинал курси мустаҳкамланган бўлса-да, реал алмашув курси йил бошидан бери 4 фоизга қадрсизланди. У бунинг сабабларини изоҳлади.

Фото: Kun.uz

Марказий банкда асосий ставкани 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисидаги қарор юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Марказий банк раиси Тимур Ишметов алмашув курси ҳақида сўз юритди. Ишметовнинг таъкидлашича, миллий валюта курси ички валюта бозоридаги талаб ва таклиф асосида шаклланади. Марказий банкнинг курснинг шаклланишида мақсадли кўрсаткичлари йўқ ва бунга аралашмайди.

“Сўм йил бошидан бери 3-4 фоиз мустаҳкамланди. Бунинг бир нечта сабаблари бор: иқтисодиётда хорижий валюта таклифи сезиларли даражада юқори шаклланмоқда. Хусусан, январ-июнда олтинсиз экспорт қарийб 20 фоизга ошди. Жами экспортимиз 20,4 млрд долларни ташкил этиб, 37 фоизга ўсди. Хорижий инвестициялар ва қарз оқими сезиларли ошиши кузатилмоқда. Жорий йилнинг I ярмида 8,5 млрд долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Бу 37 фоизлик ўсиш дегани.

Январ-августда 12,1 млрд доллар пул ўтказмалари амалга оширилди. Бу ўтган йилга нисбатан 23 фоизга кўпроқ. Банклар томонидан жисмоний шахсларга сотилган валюта ҳажми сезиларли пасайиб, валюта харидига нисбатан тафовут 5,6 млрд долларни ташкил этди. Бу ўтган йилга нисбатан 40 фоизга кўпроқ. Банклар аҳолидан 40 фоизга кўпроқ валюта сотиб олди”, — деди Ишметов.

МБ раисига кўра, долларнинг жаҳондаги бошқа валюталарга нисбатан 9-10 фоизга қадрсизланиши кузатилган. Бу ички валюта бозорининг инфратузилмаси такомиллаштирилиши, “market maker” функцияси самарали ишлаши ҳамда бозорда фаоллик ошиши алмашув курсининг ташқи шокларга мослашувчанлигини оширган.

Алмашув курси тебранувчанлиги ошиши миллий валютанинг доимий қадрсизланиши ҳақидаги кутилмаларни камайтиради.

“Бу хўжалик юритувчи субъектларни валюта хатарларидан ҳимоя қилади. Иқтисодиётда долларлашув даражасини камайтиради. Пул-кредит сиёсати самарадорлигини яхшилайди”, — деди Тимур Ишметов.

Сўм номинал курси мустаҳкамланган бўлса-да, реал алмашинув курси йил бошидан бери 4 фоизга қадрсизланди. Бу ички инфляциянинг юқори даражада сақланиши ва савдо ҳамкорларининг миллий валютаси сўмга нисбатан кўпроқ мустаҳкамланиши ҳисобига юзага келди.

“Савдо ҳамкорларида жорий тенденциялар ва иқтисодий кутилмаларни инобатга олиб, сўмнинг реал алмашинув курсига нисбатан юқори босимлар кузатилмаслиги кутилмоқда”, — деди Марказий банк раиси.

Тайёрлаган:  Мадина Очилова

Мавзуга оид