Жаҳон | 20:55 / 15.09.2025
8557
5 дақиқада ўқилади

Исроилнинг Қатарга ҳужуми: бу Туркияга сигналми?

Иккинчи жаҳон урушидан кейин Фаластин ерларини макон тутган Исроил давлати барча қўшнилари билан урушиб чиққан. Шу йилнинг ўзида Исроил Фаластин, Сурия, Эрон, Яман, Ливан ва Қатарга ракета учирди. Рўйхатнинг тепасидаги давлатлар билан Исроил кеча душман бўлмаган, улар билан доимий уруш ҳолатида, лекин араб давлатлари ичидаги энг бойларидан бўлган Қатарга ҳужум — алоҳида воқеа. Қуйида шу ҳақда.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ҳавога отилган ўқ

Демак, Исроил ҲАМАС сиёсий лидери Холид Машъал ва ҳаракатнинг бошқа юқори мартабали мулозимларини ўлдириш учун Қатарга ракета отди. Йил бошида Америкадан миллиардлаб долларга қурол сотиб олган Қатар Исроил ракетасини уриб туширолмади. Бу кичик давлатда АҚШ ҳарбий базаси борлигини ҳам эсдан чиқармаслик керак.

Бироқ Исроил зарбаси сабаб ҲАМАС лидери ҳам, бошқа мулозимлар ҳам ўлмади. Чиндан Исроил нишонга олган бинода ҲАМАСнинг беш асосий музокарачиси бўлган, лекин зарба уларни ўлдира олмаган. Ракета учиб кирганда улар сув ичганими ёки бошқа сабаб билан ташқарига чиққандир балки, лекин аниғи шуки, Исроилнинг Доҳадаги «қулоқлари» хато қилган. Бўлмаса, исроилликлар ўқдорини исроф қилиб ноаниқ нишонни урмайди, бу уларнинг услубига хос эмас.

Бундан шундай хулосага келиш мумкин, нишондаги ҳамасчиларни ўлдириш операциянинг асосий мақсади бўлмаган. Яъни исроилликлар «ҳавога ўқ отишган». Мақсад кимгадир огоҳлантириш юбориш бўлгандек гўё. Хўш, кимга?

Туркияга сигналми?

Исроил ичида Қатарга берилган зарбани Туркияга сигнал деб баҳолашмоқда. Нетаняҳунинг ҳужум эртасига қилган баёноти ҳам шундай дейишга асос бўлади. Исроил бош вазири Қатар «ҲАМАС лидерларини яширгани, уларга қимматбаҳо виллалар бериб қўйгани учун» ҳужумга учраганини айтди ва баёноти охирида «гуруҳ аъзоларини яшираётган бошқа давлатларни» ҳам огоҳлантирди. Турли манбаларга кўра, Туркияда ҳам ҲАМАС мулозимлари бор.

Албатта, Исроил Туркияга ҳужум қила олмайди, НАТО давлатига ҳужум қилиш Яманга ракета отиб қочиш эмас ахир. Лекин Исроил чиндан Туркияга «Сиз ҳамасчиларни яширсангиз, биз уларни ўлдириб келамиз», деган бўлиши мумкин. Тел-Авив учун ҳеч қандай қизил чизиқ қолмаганини кўрсатиш учун эса Қатарга ракета отишди. Ахир Қатар бу «Ҳизбуллоҳ» ёки «Ансаруллоҳ» мамлакат учун қарор қиладиган давлат эмас, бой, замонавий, ҳудудида уруш бўлмаган давлат.

Америкага орқа қилиб

Исроилнинг Қатарга зарбасидан кейин АҚШ давлат котиби Марко Рубио Қуддусга бориб, Нетаняҳу билан кўришди. Амалда Американинг иккинчи одамига айланган Рубио аслида Исроилга «АҚШ Қатарга зарбадан хурсанд эмаслигини билдириш учун» боргани кутилаётганди, лекин унинг ташрифи Исроилнинг ҳар қандай ҳаракатини оқлашдек кўринди. Ахир АҚШнинг норозилигини билдирмоқчи бўлган одам бошига яҳудийлар кипасини кийиб, йиғи деворига қоғозча қистириб келмайди. Лекин «Америка Исроилнинг ҳамма қиладиган бемазагарчиликларини оқлайди», дейиш учун борган одам шунақа қилади.

Биласизми, Нетаняҳу Қатарга зарбани нимага ўхшатди? АҚШ 11 сентябр теракти сабаб Усома бин Лодинни Покистонда ўлдиришига. Нетаняҳуга кўра, 11 сентябр айбдорларини бутун дунёдан излагани, бин Лодинни Покистонда ўлдиргани учун дунё Американи олқишлабди, Қатарга зарба учун ҳам Исроил олқишланиши керак экан. Бу икки операцияни умуман бир-бирига таққослаб бўлмайди. Ахир Покистон ҳукумати АҚШ бин Лодинни уларнинг давлатидан излаётганини билган.

Қатар нега жавоб бермади?

Шу ўринда савол пайдо бўлади: нега Қатар Исроил ҳужумига жавоб бермади? Орадан шунча кун ўтди, ҳеч бўлмаса мамлакат амири чиқиб Исроилга жавоб берилиши ҳақида гапирмади. Чунки... ишонинг, Қатар Исроилга ҳеч қандай жавоб бера олмайди. Бунинг сабаблари ҳақида алоҳида гаплашамиз...

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси — Фахриддин Ҳотамов. 

Мавзуга оид