Иқтисодиёт | 14:52 / 16.09.2025
4513
2 дақиқада ўқилади

“Олтин қазиб олишнинг йиллик кўрсаткичи 118 тоннага етказилади” — президент

Геология қидирув ишларида янгича ёндашув жорий этилгани ҳисобига олтин қазиб олиш ҳажми 2016 йилда 86 тоннани ташкил этган бўлса, жорий йил якуни бўйича бу кўрсаткич 118 тоннага етиши режалаштирилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

15 сентябр куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманига ташриф буюриб, ўқитувчи ва мураббийлар билан мулоқот қилди. Ташриф давомида давлат раҳбари “Ренессанс” оромгоҳида устозларга давлат мукофотларини топширди.

Тадбир чоғида Шавкат Мирзиёев мамлакатда ерости бойликларининг улкан захираси мавжудлигини таъкидлади.

“Илгари нефт-газ соҳасидаги қидирув ишлари фақат 2,5-3 минг метр чуқурликда олиб бориларди. Бу йил саноатимиз тарихида биринчи марта Устюртда 6,5 минг метр ер қаърини бурғилаб, жуда катта газ захиралари топдик. Бу дегани илмни ишлатдик, таълимни ишлатдик. Натижа бўляпти”, — деди президент.

Маълум қилинишича, геология қидирув ишларида янгича ёндашув жорий этилгани ҳисобига олтин қазиб олиш ҳажми 2016 йилда 86 тоннани ташкил этган бўлса, жорий йил якуни бўйича бу кўрсаткич 118 тоннага етиши режалаштирилмоқда.

Давлат раҳбари шу даврда уран қазиб олиш ҳажми ҳам икки баробар ошганини қўшимча қилди.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг халқаро захиралари тарихда илк бор 50 миллиард доллардан ошгани хабар қилинганди. Захиралар қиймати ўтган ойга нисбатан 1,34 миллиард долларга кўпайган. Ушбу ўсиш жаҳон бозорида олтин нархларининг қимматлашиши фонида юз бермоқда. 

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид