Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Йил охиригача жон бошига даромад 3,5 минг долларга етади” – Шавкат Мирзиёев
Давлат раҳбари Бўстонлиқ туманига ташрифи чоғида йил якуни билан жон бошига даромад 3,5 минг долларга, ялпи ички маҳсулот ҳажми 130 миллиард долларга етишини таъкидлади. Президентга кўра, ўтган 8 йилда таълим ва илм-фанга харажатлар 6 карра оширилиб, 378 триллион сўм маблағ ажратилган.
Фото: Kun.uz
15 сентябр куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманига ташриф буюриб, ўқитувчи ва мураббийлар билан мулоқот қилди.
Мулоқот чоғида давлат раҳбари ўтган даврда мамлакат иқтисодиёти 2 карра ўсганини таъкидлади.
“Йил якуни билан жон бошига даромад 3,5 минг долларга етади. Ялпи ички маҳсулот ҳажми ҳам йил охиригача 130 миллиард доллар бўлади. Барча тармоқларга замонавий технологиялар ва инновациялар кириб келаётгани ҳисобига бу йил экспорт 25 миллиард долларга олиб чиқилади. Ўтган 8 йилда эса мамлакатимизга 130 миллиард доллар хорижий сармоя киритилди”, - деди президент.
Шунингдек, илгари инвестиция асосан хомашё ресурсларига киритилган бўлса, ҳозир ҳар бир соҳада янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш, инфратузилмани яхшилашга йўналтирилаётгани қўшимча қилинди.
“Мен бу иқтисодий кўрсаткичларга нима учун кўп тўхталяпман? Чунки иқтисодиёт қанчалик мустаҳкам бўлса, таълим ривожланади. Таълим сифати юқори бўлган мамлакатда эса иқтисодиёт барқарор ўсади. Бу – ҳаёт қонуни”, – деди давлат раҳбари.
Маълум қилинишича, ўтган саккиз йилда таълим ва илм-фанга харажатлар 6 карра оширилиб, 378 триллион сўм маблағ ажратилган. Олтин-валюта захираларимиз Ўзбекистон тарихида илк бор 50 миллиард долларлик маррадан ошди.
Аввалроқ жорий йилнинг II чораги якунлари бўйича Ўзбекистонда иш ҳақининг реал ўсиш суръати 7,3 фоизни ташкил этгани маълум қилинганди. Марказий банк таҳлиллари Ўзбекистонда реал иш ҳақи ўсиши минтақа давлатларига нисбатан ортда қолаётганини кўрсатган. Регулятор иқтисоди ўхшаш мамлакатларга нисбатан тафовутнинг узоқ муддат сақланиб қолиши келгусида Ўзбекистон меҳнат бозори иштирокчиларининг харид қобилияти пасайишига ва талабнинг сусайишига олиб келишини билдирди.
Маълумот учун, 2024 йилда Ўзбекистон аҳолисининг умумий даромадлари 896,3 триллион сўмни ташкил этган. Номинал кўринишда ўсиш 18,5 фоиз, реал ўсиш суръати эса (инфляция ҳисобига) 8,1 фоиз бўлган. Аҳоли жон бошига умумий даромадлар 16,1 фоиз (инфляция ҳисобига 5,9 фоиз) – йилига 20 млн сўмдан 24,1 млн сўмгача (ойига 2 млн сўм) ошди. Долларнинг ўртача йиллик курси 12500 сўм деб олинса, бу миқдор 1,6-1,9 минг долларни ташкил қилган.
Мавзуга оид
14:31 / 24.12.2025
Даромадлар ўртасидаги тафовут: бойлар бойишда, камбағаллар қашшоқлашишда давом этяпти
17:51 / 08.12.2025
Ўзбекистонда квартира сотиб олиш учун неча йил пул жамғариш керак?
22:49 / 24.11.2025
Ню-Йорк аҳолисига синов тариқасида 12 минг доллардан криптовалюта тарқатилади
11:04 / 19.11.2025