Президент Шавкат Мирзиёевга навбатдаги Тошкент халқаро инвестиция форумига тайёргарлик ишлари юзасидан ахборот берилди.
Қайд этилишича, мазкур форум мамлакатнинг инвестициявий салоҳиятини халқаро майдонда намоён этиш, хорижий шериклар билан ўзаро манфаатли лойиҳаларни шакллантириш ва илгари суриш учун муҳим платформага айланган.
Бу йилги форумда қарийб 3,1 минг нафар хорижий меҳмон иштирок этиши кутилмоқда. Тадбирга хорижий давлатлар ҳукуматлари вакиллари, халқаро молия институтлари, йирик компаниялар, инвестиция жамғармалари ҳамда бизнес доиралари раҳбарлари таклиф этилган.

Форум дастуридан ялпи мажлис, икки томонлама учрашувлар, тармоқ ва ҳудудлар тақдимотлари, инвестиция келишувларини имзолаш маросимлари ҳамда ишбилармонлар мулоқотлари ўрин олган.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг инвестиция салоҳиятини намойиш этувчи кўргазма ташкил этилиб, унда қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, геология, электротехника, машинасозлик, кимё саноати, энергетика, сунъий интеллект ва ахборот технологиялари соҳаларидаги имкониятлар тақдим этилади.

Форум доирасида президент ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги ялпи мажлиси ҳам ўтказилади. Унда инвестиция муҳитини янада яхшилаш, саноат-технологик ва инновацион ривожланишни жадаллаштириш, хусусий сектор ва халқаро инвесторлар учун қулай шароитларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади.
Жорий йилги форум доирасида кимё саноати, геология ва металлургия, электротехника, машинасозлик, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, энергетика, рақамли технологиялар, транспорт-логистика, туризм ва таълим каби қатор йўналишларда йирик инвестиция келишувларини имзолаш режалаштирилган.

Мутасаддиларга хорижий меҳмонларни муносиб кутиб олиш, тадбирлар дастурини пухта ташкил этиш ҳамда форум якунлари бўйича имзоланадиган келишувларнинг самарали ижросини таъминлаш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
















