Технология | 23:51 / 18.09.2025
5463
2 дақиқада ўқилади

Албания парламентида биринчи сунъий интеллект — вазир нутқ қилди

Diella ўзининг уч дақиқалик мурожаатида депутатларга мамлакат конституцияси қоидаларини эслатиб, ўзини мақтади.

Албания ҳукуматида вазир лавозимига тайинланган сунъий интеллект - бот Diella парламентда ўзининг биринчи нутқини сўзлади. Сунъий интеллект вазири экранда «ҳамкасбларига» миллий албан либосидаги аёл қиёфасида кўриниш берди. У ўзининг уч дақиқалик мурожаатида депутатларга мамлакат конституцияси қоидаларини эслатиб, ўзини мақтади, деб ёзди AP.

«Конституцияда халққа хизмат қиладиган институтлар ҳақида гап боради. У хромосомалар, гўшт ёки қон ҳақида гапирмайди. У масъулият, ҳисобдорлик, шаффофлик ва барча учун тенг шароитлар ҳақида гапиради», деди сунъий интеллект вазири ва йиғилганларни «бундай қадриятларни ҳар қандай ҳамкасб билан бир хил даражада, балки ундан ҳам кўпроқ даражада» ўзида мужассамлаштирганига ишонтирди. Diella шунингдек, ўзининг вазифаси одамларни алмаштириш эмас, балки уларга ёрдам бериш эканини таъкидлади.

Дунёдаги биринчи сунъий интеллект вазирини ўтган ҳафта Албания бош вазири Эди Рама тақдим этган эди. Унинг сўзларига кўра, албан тилида «қуёш» деган маънони англатувчи Diella давлат харидлари учун жавоб беради. Давлат харидларининг бутун соҳаси босқичма-босқич сунъий интеллект назоратига ўтказилиши режалаштирилган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид