Албанияда сунъий интеллект асосида яратилган модел давлат харидлари учун масъул вазир вазифасини бажаради. У Diella деб аталади, деб хабар берди Politico нашри.
"Diella ҳукуматнинг жисман мавжуд бўлмаган, лекин сунъий интеллект асосида яратилган биринчи аъзоси бўлади", - деган мамлакат бош вазири Эди Рама.
Бош вазирнинг сўзларига кўра, давлат харидлари бўйича қарор чиқариш сунъий интеллектга топширилади. Таъкидланишича, бу тендерларнинг “100 фоиз ҳалол” ўтишини таъминлайди.
Албания сунъий интеллектдан турли соҳаларда фойдаланиш бўйича тажрибага эга. Ҳозирда ушбу технологиядан ноқонуний қурилишлар, қишлоқ жойларида гиёҳвандлик воситаларини ишлаб чиқариш ҳолатларини аниқлашда фойдаланилмоқда.










